Тошкентда машина капотида сайр қилиб видео олган блогерларга жазо тайинланди

6 февраль куни интернет тармоғида тарқалган видеода ички ишлар ходими формасида бўлган номаълум шахс автотранспорт капоти устида ҳаракатлангани акс этган. Маълум қилинишича, ушбу видео-лавҳани суратга туширишда қатнашган фуқароларнинг шахси Юнусобод тумани ИИО ФМБ ходимлари томонидан аниқланди. 

Фото: iibb.uz

Хабарга кўра, текширув давомида 18 январь куни 24 ёшли А.З. таниши 24 ёшли А.К. билан бирга видео-лавҳа суратга олиш ниятида дўконлардан бирида ички ишлар органи ходимининг формасини ижарага олиб, бозордан йўл-патруль хизмати ходиминикига ўхшаш жезл ҳам харид қилишган. Мазкур шахслар таниши 34 ёшли О.К. дан «ВАЗ-2106» русумли автомобилни вақтинчалик фойдаланиш ниятида олган, аммо уни бошқаришга ҳуқуқлари бўлмаган.

Шундан сўнг, Турғунбоев кўчаси Ифтихор маҳалласида А.К. ички ишлар органи ходимининг формасини кийган ҳолда қўлида жезл билан автомобиль капотига ётган. Шу тарзда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг обрў ва шаънига зарар етказувчи видео-лавҳа суратга туширилиб, интернет тармоғида тарқатилган.

Таъкидланишича, иккала фуқарога нисбатан МЖтКнинг 183-, 209-1-моддалари (майда безорилик ҳамда вазирлик, идора ва ташкилотлар ходимларининг формали кийим-бошини қонунга хилоф равишда кийиб юриш) билан маъмурий баённомалар расмийлаштирилган.

Шунингдек, А.З. га нисбатан транспорт воситасини ишончномасиз бошқаргани учун МЖтКнинг йўл ҳаракати қоидаларида назарда тутилган ҳужжатлари бўлмаган шахсларнинг транспорт воситаларини бошқариши моддаси билан баённома расмийлаштирилган ва автомобиль жарима майдончасига жойланган.

Қайд этилишича, 8 февраль куни Юнусобод тумани жиноят ишлари бўйича суди томонидан А.К. ва А.З. га нисбатан беш сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

Янгиликлар