«30 йил мобайнида эмас, қурилганидан бери эътибор қаратилмаган уйлар мавжуд» — Шерзод Ҳидоятов
Ўзбекистонда уч мингга яқин кўп қаватли уйларга ҳеч қанақа хизмат кўрсатилмайди. Бу ҳақда 27 апрель куни Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги пресс-турда айтиб ўтди, дея хабар бермоқда Tez News мухбири.
Хабар қилинишича, республикада 1 миллион 300 минг хонадондан иборат 37 402 та кўп қаватли уй мавжуд бўлиб, улардан 25 611 тасига 4 430 та ширкат, 8 953 тасига 247 та бошқарув компанияси томонидан хизмат кўрсатилади. Қолган 2 838 таси ёки жами уйларнинг 8% га ҳеч қанақа хизмат кўрсатилмайди ва бошқарувга эга эмас. Улар асосан эски, 2 қаватли, жудаям таъмирталаб уйлардир.
Таъкидланишича, ҳозирда ширкатларнинг 1,4 триллион сўм қарздорлиги мавжуд.
Шунингдек, муаммо ҳисоб-китобларнинг шаффоф эмаслиги, ширкатлар аҳолига улардан олинган пулини қаерга ишлатаётганини кўрсатиб бера олмаётгани қайд этилди.
«Президентимиз аниқ топшириқ бериб, ўқитиш ишларини бошқарув компанияларининг ўзи ташкиллаштирса, ходимларнинг амалиёт, билим ва кўникма олишлари осонлашади, деб таъкидладилар», — деди Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири.
Бундан ташқари, хорижий тажриба Туркия мисолида «Ақлли бошқарув» тизими ҳамда янги қурилган уйлар қурувчи томонидан 2 йил бошқарилиши жорий этилади.