«Ижтимоий тармоқларнинг фаоллари томонидан жиноят иши билан боғлиқ текширилмаган ахборотни жамоатчиликка тарқатиш суд ишларини ҳал этишга аралашиш деб баҳоланади» — Шоҳрух Ғиёсов
«Ижтимоий тармоқларнинг фаоллари томонидан жиноят иши билан боғлиқ текширилмаган ахборотни жамоатчиликка тарқатиш суд ишларини ҳал этишга аралашиш деб баҳоланади» — Шоҳрух Ғиёсов Отабек Сатторийнинг иши бўйича расмий мурожаат билан чиқди. Бу ҳақда ИИВ хабар берди.
Мазкур жиноят иши юзасидан Ўзбекистон Республикасининг «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги қонунига мувофиқ расмий ахборот берилганига қарамасдан, мамлакатимиз ва хорижий ижтимоий тармоқларнинг фаоллари томонидан турли миш-мишларни тарқатиш, давлат идораларининг ваколатлари ва ҳаракатларини шубҳа остига қўйиш, уларни обрўсизлантиришга қаратилган хабарларни кўпайтириш, масаланинг моҳиятини тушунмасдан туриб оммани чалғитиш ва бошқа қонунбузарлик ҳолатлари такрорланиб келмоқда.
««Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги қонуни билан тергов органларининг материалларини эълон қилиш, муайян иш бўйича суд қарори чиқмасдан туриб, унинг натижаларини тахмин қилиш ёхуд судга бошқача йўл билан таъсир кўсатиш қатъиян тақиқланган».
Жиноят процесси иштирокчисини қўлга олиш билан боғлиқ ҳаракатлар эса, ўз навбатида, Ўзбекистон Республикасининг «Ички ишлар органлари тўғрисида» ги қонунининг 22-моддаси билан тартибга солинади.
«Ижтимоий тармоқларнинг фаоллари томонидан жиноят иши билан боғлиқ текширилмаган ахборотни жамоатчиликка тарқатиш орқали бирор-бир мақсадга эришишга ҳаракат қилиш, тергов ва суд органларининг фаолиятига нисбатан сунъий равишда салбий муносабат шакллантириш – тергов қилишга ёки суд ишларини ҳал этишга аралашиш, деб баҳоланади ва жиноий жавобгарликни келтириб чиқаради».