Ўзбекистонда зўравонликдан жабр кўрган болаларга ҳимоя ордерлари берилади

Олий Мажлис Сенати «Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунни маъқуллади. Бу ҳақда парламент юқори палатаси матбуот хизмати хабар бермоқда.

Зўравонликдан жабр кўрган болаларни ҳимоя қилиш буйруғини бериш тартиби белгиланади. У ички ишлар органлари томонидан 30 кунгача муддатга берилади ва ваколатли давлат органи иштирокида зўравонлик қурбонига ёки унинг қонуний вакилига тақдим этилади.

Эндиликта зўравонликдан жабр кўрган шахс тегишли ваколатли органларга ёки судга мурожаат қилиши, махсус марказларда, шунингдек, бепул телефон линияси орқали бепул юридик, иқтисодий, ижтимоий, психологик, тиббий ва бошқа ёрдам олиши мумкин.

Қабул қилинган ҳужжатда жабрланувчига етказилган маънавий ва моддий зарарни қоплашни талаб қилиш ҳуқуқи ҳам киритилган.

Шунингдек, болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, бу борадаги фаолияти билан бевосита шуғулланувчи давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда уларнинг ваколатлари аниқ белгилаб берилган.

Миллий ижтимоий ҳимоя агентлигига зўравонлик қурбони бўлган болаларни, шунингдек уларга нисбатан зўравонлик қўлланилиши хавфи остида бўлган болаларни аниқлаш, уларнинг ҳисобини юритиш ва зарур ҳолларда зўравонликнинг олдини олиш бўйича индивидуал чоралар кўрилишини таъминлаш вазифаси юклатилган.

Янгиликлар