Избоскан туманида 33 та давлат боғчаси фаолиятини қайта тиклади
Aндижон вилояти Избоскан туманида 3 ноябрь ҳолати бўйича тумандаги жами 47 та давлат мактабгача таълим ташкилотидан 33 таси анъанавий шаклда фаолиятини бошлади. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар қилди.
Хабарга кўра, Избоскан туманида 47 та давлат мактабгача таълим ташкилоти мавжуд бўлиб, жами тарбияланувчилар сони 7146 нафарни ташкил қилади. Мазкур 47 та давлат мактабгача таълим ташкилотидан 33 таси анъанавий шаклда ўз иш фаолиятини бошлади. Ушбу боғчаларга туманнинг 2355 нафар мактабгача таълим ёшидаги тарбияланувчиси қатнови таъминланган.
Маълум қилинишича, Президентнинг 2018 йил 5 апрелдаги «Мактабгача таълим тизимини янада рағбатлантириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Избоскан тумани мактабгача таълим бўлими шу кунгача Мактабгача таълим вазирлиги билан 8 та давлат хусусий шерикчилик асосида, 73 та оилавий нодавлат мактабгача таълим муассасаси ташкил этиш учун битим тузилиб, ҳозирги кунда 1 та хусусий нодавлат МТТ, 5 та давлат хусисй шерикчилик асосидаги МТТ, 38 та оилавий нодавлат МТТ фаолиятини бошлаб, тумандаги 1448 нафар мактабгача таълим ёшдаги бола қамраб олинган.
Қайд этилишича, келгусида 10 та давлат мактабгача таълим ташкилоти Мактабгача таълим вазирлиги томонидан 21 август куни ишлаб чиқилган «COVID-19 пандемияси даврида мактабгача таълим ташкилотларининг иш фаолиятига қўйиладиган вақтинчалик санитария-гигиеник талаблар» СанПин меъёрлари бўйича иш ташкил этилгач анъанавий иш фаолиятларига рухсат берилади.
Аввалроқ Бухорода фаолиятини тиклаган нодавлат боғчалар сони салкам 400 тага етгани, Учкўприкда қиймати 2,5 миллиард сўм бўлган боғча фойдаланишга топширилгани ҳақида хабар берилганди.