Наманганда «Lacetti» ҳайдовчиси ЙПХ ходимини уриб юборди ва воқеа жойидан қочиб кетди
16 март куни Наманган шаҳрида хизмат олиб бораётган ЙПХ ходимини уриб юбориб, воқеа жойидан қочиб кетган «Lacetti» ҳайдовчисининг шахсига аниқлик киритилди.
Маълум қилинишича, «Lacetti» ҳайдовчиси ЙПХ инспекторининг тўхташ ишорасига бўйсуниш ўрнига уни уриб юбориб, воқеа жойидан қочиб кетган.
«Соат 22:30 ларда шаҳар ҳокимлиги олдига бир фуқарога қарзимни бериш учун келдим. Машинам ичида болаларим бор эди. Пулни бераман деб турган пайтимда мазам қочди, яқинда даволаниб чиққанман. Озгина беҳаловат бўлдим, аёлимга рулни бериб, шифохонага олиб боришини айтдим», — дейди машина эгаси.
Ҳайдовчининг рафиқасини сўзларига кўра, у машинани бошқариш вақтида ЙПХ ходими йўлдан бирданига чиқиб қолганидан қўрқиб кетиб, шокка тушиб қолган.
«Турмуш ўртоғимнинг мазаси бўлмагани сабабли шокка тушиб қолдим. Қўрқиб кетдим, шу сабабли уриб юбордим», — дейди аёл.
Қайд этилишича, инспектор Солиев бош мия чайқалиши, ўнг сон юқори соҳаси юмшоқ тўқималарининг енгил шикастланиши ташхиси билан шифохонага ётқизилган. Ходимлар томонидан қидирув ва суриштирув ишлари натижасида ҳодиса сабабчисининг шахсига ойдинлик киритилган ва автомобиль жарима майдончасига жойлаштирилган.