ДХХ Қашқадарёда «Жиҳодчилар» оқимининг бир неча тарафдорларини қўлга олди
Давлат хавфсизлик хизматининг Қашқадарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан вилоят ИИБ билан ҳамкорликда терроризм ва экстремизмга қарши курашиш доирасида бир нечта тезкор тадбирлар ўтказилди.

Хусусан, 1975 йилда Шаҳрисабз туманида туғилган Қ.Ғ. 2017–2020 йилларда Россияда ишлаши даврида ижтимоий тармоқлар орқали «Жиҳодчилар» диний экстремистик оқими аъзолари таъсирига тушиб қолган. Доимий яшаш манзилига қайтиб келганидан кейин ўз атрофидагиларга ушбу оқим ғояларини тарғиб қилган ҳамда 6 кишидан иборат ноқонуний гуруҳ ташкил этган.
Бошқа ҳолатда эса 1995 йилда Касби туманида туғилган Т.М. 2016–2021 йилларда меҳнат мигранти сифатида Москва шаҳрида бўлган даврида диний-экстремистик ва ақидапарстлик ғоялари билан йўғрилган материалларни кўриб, экстремистик оқим тарафдорлари таъсирига тушиб қолган. Доимий яшаш манзилига қайтганидан кейин экстремистик мазмундаги материалларини яқинларига тарғиб қилган. Шунингдек, у уйланганидан сўнг турмуш ўртоғи билан бирга Суриядаги террористик ташкилотлар сафига бориб қўшилишни режалаштирган.
Бундан ташқари, Миришкор туманида яшовчи, 1996 йилда туғилган Т.Ж. Telegram мессенжерида профил очиб, у орқали ДЭО аъзолари томонидан тайёрланиб, халқаро интернет тармоғига жойлаштирилган ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган материалларни виртуал гуруҳдаги дўстларига тарқатган ҳамда улар билан ўзаро муҳокама қилган.
Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан қўзғатилган жиноят ишлари доирасида уларнинг бошқа алоқаларини аниқлаш бўйича ҳам тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.





