Жиззахда бир оиланинг 3 нафар аъзоси консервадан заҳарланди. Вафот этганлар бор
Жиззах вилояти Дўстлик тумани Наврўз маҳалласида яшовчи бир оиланинг 3 нафар аъзоси уй шароитида тайёрланган консервадан заҳарланди. Бу ҳақда Zamon.uz хабар берди.
Маълум бўлишича, дастлаб хонадоннинг 1995 йилда туғилган келини 7 февраль куни шифохонага етказилган. Аммо у шифокорларнинг ботулизм хавфи билан олиб борган сўровларига қўлбола тайёрланган консерва маҳсулотини истеъмол қилганини айтмаган. Аммо шунга қарамай, унга ботулизмга қарши керакли муолажалар қилинган.
«Бир кундан сўнг эса қолган консерваланган помидорни истеъмол қилган ўғил ҳам шифохонага мурожаат қилгандан сўнг ҳаммаси ойдинлашган. Сўнг яна бир бемор – ота ҳам шифохонага олиб келиниб, зудлик билан керакли муолажалар қилинган», – деган Дўстлик тиббиёт бирлашмаси Юқумли касалликлар шифохонаси шифокори.
Таъкидланишича, 26 ёшли келин кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамай, заҳарланганидан 7 кун ўтиб ҳалок бўлган. Шифокорнинг сўзларига кўра, марҳума заҳарлангандан сўнг 1,5 кун давомида шифокорларга мурожаат қилмаган.
Маълумотга кўра, Самарқанднинг Булунғур туманида ҳам худди шундай заҳарланиш оқибатида беш киши шифохонага тушганди. 20 ёшли йигит эса вафот этган.