Ташқи реклама объектларининг олиб ташланиши ҳақида масъуллар нима дейди?
Бугун Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситлари миллий ассоциацияси томонидан бир қатор вазирлик ва идоралар ҳамкорлигида «Ташқи реклама: қонун ва аҳоли манфаатлари устуворлиги» мавзусида очиқ мулоқот ташкил этилди.
Очиқ мулоқотда Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, Адлия вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Маданият вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Монополияга қарши курашиш қўмитаси, Давлат хизматлари агентлиги, Республика манавият ва маърифат маркази, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва бошқа бир қатор муассасалар ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Очиқ мулоқатда сўзга чиққан Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ўринбосари Э.Бозоров тартибсиз ўрнатилган реклама конструкциялари йўл ҳаракати хавфсизлигига салбий таъсир кўрсатиб, фуқароларимиз ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкига жиддий хавф солаётганлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари М.Махкамов айрим тадбиркорлик субъектлари томонидан ташқи реклама фаолиятида солиқ базаси яшираётганлиги, солиқлар ўз вақтида тўламаётганлиги, бу эса бюджетга тушумларнинг пасайишига сабаб бўлаётгани, натижада ижтимоий соҳа дастурларини амалга оширишда муаммолар пайдо бўлаётганини маълум қилди.
Қурилиш вазири бошқарма бошлиғи Б.Содиқов ўз чиқишида ташқи реклама конструкцияларини ўрнатишда шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига етарли даражада риоя этилмаётганлиги, шаҳарларимизнинг ташқи қиёфаси ва кўркига раҳна солинаётганлигини қайд этди.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бошқарма бошлиғи Д.Қамбаров ташқи реклама конструкциялари ноқулай об-ҳаво шароитлари, жумладан, кучли шамол ва ёғингарчиликлар таъсирида фуқароларнинг ҳаёти ва мол-мулкига хавф солаётганлиги, ушбу конструкциялар фавқулодда вазиятларда қутқарув ишларига тўсқинлик қилаётганлигига диққатини қаратди.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги директори Э.Ҳайтметов, жумладан, ташқи реклама констуркцияларини тартибга келтириш учун тадбиркорлик субъектларига 6 ойдан кўпроқ муддат берилганлиги, бундан ташқари, медиация асосида ташқи реклама констуркцияларини тартибга келтириш учун судлар томонидан ҳам маълум муддат имконият тақдим этилгани, лекин шунга қарамай, бир қатор тадбиркорлик субъектлари томонидан бу борадаги қонун ижроси таъминланмаганига эътибор қаратди.
Республика манавият ва маърифат маркази раҳбари М.Ҳожиматовнинг таъкидлашича, айрим тадбиркорлар кўпроқ даромад олиш мақсадида ташқи реклама воситаларида миллатимиз тимсолига айланган Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва бошқа улуғ мутафаккирларимизнинг табаррук сиймоларидан бачкана усуллар орқали фойдаланишга уринмоқда. Халқимиз маънавияти ва қадриятларига очиқдан-очиқ беписандлик ҳисобланган бундай ҳолатлар юртдошларимизнинг жиддий эътирозига сабаб бўлмоқда.
Тошкент шаҳар Ҳокими ўринбосари Ф.Маҳмудхўжаев пойтахт қиёфаси миллат қиёфаси эканлигини таъкидлаб, Тошкент шаҳри кейинги тўрт йил ичида тубдан ўзгариб, дунёнинг энг гўзал шаҳарларидан бирига айланганлигини алоҳида таъкидлади. Бироқ кўча-кўйдабетартиб, ноқонуний ўрнатилган реклама конструкциялари шаҳримизнинг кўркига соя солаётганлиги, эндиликда бу соҳада ҳам қатъий тартиб ва назорат ўрнатиш шаҳар ҳокимлигининг биринчи галдаги вазифаси эканлигини билдирди.