Президент 2021–2030 йилларга мўлжалланган «Йўл харитаси»ни тасдиқлади.
Президент Шавкат Мирзиёев 2021–2030 йилларга мўлжалланган Фармойишни имзолади. Бу ҳақда Молия вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.
Хабарга кўра, Президент 17 февраль куни 2021–2030 йилларда Ўзбекистон Республикаси аҳолисини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган Ф-5634 сонли Фармойишни имзолаган. Фармойиш билан 2021-2030 йилларда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш миллий стратегияси концепцияси ва стратегияни ишлаб чиқиш бўйича «Йўл харитаси» тасдиқланди ва стратегияни ишлаб чиқиш бўйича Республика ишчи гуруҳи тузилди.
Қайд этилишича, Президент мурожаатномасида ижтимоий ҳимояни янада кучайтириш ва аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлаш борасида вазифалар белгиланган.
Концепция доирасида:
- аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш Миллий стратегияси ишлаб чиқилади ва унда ижтимоий ҳимоя соҳасида ижтимоий ёрдам ва хизматларнинг базавий кафолатлари белгиланади, илғор амалиётларда қабул қилингани каби оналикни ҳимоя қилиш ва вақтинчалик мeҳнaтгa лaёқaтсизлик бўйича нaфaқaлaрини ижтимoий суғуртa тизимигa киритиш ҳамда Ижтимоий суғурта жамғармасини ташкил этиш масаласи ўрганилади;
- барча кам таъминланган оилаларни ижтимоий нафақалар билан қамраб олиш мақсадида ижтимоий нафақаларни тайинлаш учун ариза берувчиларнинг муҳтожлик даражасини аниқлаш жараёнларини соддалаштириш ҳамда ижтимоий нафақаларни тайинлаш ва тўлаш жараёнларини тезлаштиришга эътибор қаратилади;
- давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ишсиз фуқароларнинг бандлигини таъминлаш учун берилаётган субсидиялар самарадорлигини ошириш мақсадида ижтимоий контракт тизимини жорий этиш кўзда тутилади. Давлат томонидан аҳолига кўрсатиладиган ижтимоий хизматларнинг самарадорлигини ошириш мақсадида ижтимоий хизматларни индивидуал ижтимоий мослашув дастурлари орқали тақдим этиш тизими ишлаб чиқилади.
Таъкидланишича, 1 ноябрга қадар вазирликлар ва идоралари, илмий муассасалари, Халқаро меҳнат ташкилоти, UNICEF, БМТнинг Тараққиёт Дастури ва Жаҳон банкининг етакчи мутахассисларидан иборат экспертлар гуруҳи томонидан 2030 йилгача аҳолини ижтимоий ҳимоя Миллий стратегияси лойиҳаси ҳамда уни амалга оширишнинг уч йиллик режаси ишлаб чиқилади. Стратегияда кўзда тутилган чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича харажатлар ушбу халқаро ҳамкорлар билан биргаликда ҳисоблаб чиқилади.