Молия вазирлиги «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими ҳақида маълумот берди. Тизим Сирдарёда тажрибадан ўтказилган
Молия вазирлиги «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими ҳақида маълумот берди. Тизим 2019 йилнинг 1 октябридан Сирдарё вилоятида тажрибадан ўтказилган.
Маълум қилинишича, ушбу ахборот тизимининг мақсади электрон маълумот алмашуви орқали давлат томонидан аҳолига ижтимоий ёрдам ва хизматлар кўрсатишнинг шаффоф тизимини яратишдир. «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими 2019 йил 1 октябрдан Сирдарё вилоятида ижтимоий нафақаларни тўлаш жараёнида синовдан ўтказилган.
Aхборот тизимини ишлаб чиқишда қўшимча манба UNICEFинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси гранти 610 минг AҚШ долларини, Жаҳон банкининг имтиёзли кредити 5 миллион AҚШ долларини ташкил этади. «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими эгаси ва фойдаланувчиси Ўзбекистон Пенсия жамғармаси ҳисобланади.
Боланинг икки ёшигача уни парвариш қилиш бўйича ва 14 ёшгача фарзандлари бўлган оилаларга ҳамда кам таъминланган оилаларга «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» орқали моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш қуйидагича амалга оширилади:
Aриза берувчи Пенсия жамғармасига ҳар ойнинг 15 санасидан кечиктирмай МФЙ органи орқали ариза ва оила аъзоларининг паспорт нусхаларини беради. Пенсия жамғармаси бўлими берилган аризалардаги маълумотларни «Ягона реестр» ахборот дастурига киритади.
Оиланинг ҳар бир аъзосига тўғри келадиган даромад миқдорини ва бошқа белгиланган мезонлар тўғрисида автоматлаштирилган тарзда «Ягона реестр» томонидан маълумотлар йиғилади. Нафақалар ёки моддий ёрдам тайинлаш ёки рад этиш тўғрисидаги қарор 3 иш куни мобайнида автоматик тарзда умумлаштирилади. «Ягона реестр» автоматлаштирилган тарзда ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тўлаш бўйича ҳар ойнинг 5 санасидан 25 санасигача электрон тўловлар шакллантиради ва тегишли тижорат банкига юборади.
Тижорат банки тайинланган ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тўловини амалга оширади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Молия вазирлиги коронавирусга қарши курашаётганларга 482 миллиард сўм тўлаб берилганини маълум қилган эди. Шунингдек, Молия вазири ўринбосари пенсия ва нафақалар нега айнан 10 фоизга оширилаётганини маълум қилгани ҳақида хабар берилган эди.