Ўзбекистон ва Иордания пойтахтлари ўртасида тўғридан-тўғри авиақатнов йўлга қўйилди

Парвозлар ҳафтасига икки марта — чоршанба ва якшанба кунлари амалга оширилади

Иорданиянинг «Royal Jordanian» авиакомпанияси Иордания ва Ўзбекистон пойтахтлари ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиб, Амман-Тошкент- Амман йўналиши бўйича мунтазам йўловчи қатновларини амалга оширишни бошлади. Бу ҳақда «Uzbekistan Airports» матбуот хизмати хабар берди.

Жумладан, 1-июль куни маҳаллий вақт билан соат 04:10 да «Royal Jordanian» авиакомпаниясининг Аммандан биринчи рейси Тошкент халқаро аэропортига қўнди. Авиация анъанасига кўра, ҳаво кемаси сув аркаси, экипаж эса гуллар билан кутиб олинди, — дейилади хабарда.

Тошкент ва Амман ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновларнинг йўлга қўйилиши мамлакатнинг халқаро йўналишлар тармоғини ривожлантириш ва йўловчилар учун имкониятларни кенгайтиришда муҳим қадам эканлиги таъкидланди.

 

Ўзбекистон