Наманганда меҳмонхона олдида кўтарилган Франция байроғи олиб ташлангани рад этилди
Намангандаги «Grand Sherdor» меҳмонхонаси олдида кўтарилган Франция байроғи 28 октябрь куни олиб ташлангани рад этилди. Бу ҳақда меҳмонхона менежери Комил Бегматовнинг сўзларига таяниб, «Daryo» хабар қилди.
Меҳмонхона менежери Комил Бегматовнинг сўзларига кўра, меҳмонхона олдига жами 7 та — «Grand Sherdor», Ўзбекистон, AҚШ, Қозоғистон, Франция, Евроиттифоқ ва Россия байроғи илинган. Шунингдек, 28 октябрь куни соат 13:20 да меҳмонхона олдидаги барча байроқлар, жумладан, Ўзбекистон байроғи ҳам ечиб олинган. Хабарда айтилишича, байроқлар шу куни соат 16:30 да ювилиб, дазмолланиб, қайтадан жойига илинган.
«Ҳар ой якунида меҳмонхона олдида байроқлар ечиб олиниб, ювиб, кейин жойига илиб қўйилади. Бу биз учун одатий жараён ҳисобланади. Байроқлар қаторида Франция байроғи биринчи ўринда тургани учун шундай шов-шувлар тарқалиб кетган. Байроқнинг кимдир томонидан юлиб, сўнг топтаб ташлангани ҳақидаги гаплар эса мантиққа тўғри келмайди. Чунки кузатув камералари, қолаверса, қўриқчилар бор», — дейди Комил Бегматов.
Қайд этилишича, меҳмонхонани Франция билан яхши алоқалар боғлаб туради. Шунингдек, 2019 йили ҳам бир гуруҳ француз сайёҳлари бу ерда бўлиб, илиқ таассуротлар билан юртига қайтган.
Аввалроқ Aсаджон Ходжаев журналист ва блогерлардан диний адоватни тарғиб қилувчи материалларда провокацияга берилмасликни сўрагани ҳамда ИИВ диний экстремистик маълумотларни тайёрлаш ва тарқатиш жиноий жавобгарликка сабаб бўлишини эслатгани ҳақда хабар қилинганди.