Сенат болаларни ноқонуний диний таълимга жалб этиш билан боғлиқ жазо чораларини маъқуллади
Олий Мажлис Сенати Ўзбекистонда болаларни ноқонуний диний таълимга жалб қилган ота-оналарни жазолаш кўзда тутилган қонун тўғрисидаги ўзгартиришларни маъқуллади. Бу ҳақда парламент юқори палатаси матбуот хизмати хабар беради.

Ўтказилган ялпи мажлисда сўнгги йилларда мамлакатимизда ота-оналар томонидан вояга етмаган фарзандларини ноқонуний равишда диний таълим олишга юбориш ҳолатлари кўпайиб бораётгани таъкидланган.
Ҳабар қилинишича, 2021-2023 йилларда диний таълимотларда болаларни ноқонуний ўқитиш билан боғлиқ 2457 та маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланган. Уларнинг 1479 нафари ҳужра шароитида ташкил этилгани, ва ўқувчиларнинг 60 фоизи вояга етмаганлар эканлиги аниқланган.
Юқори палата таъкидлаганидек, ноқонуний таълим жараёнида болалара нисбатан турли оғир жиноятлар жумладан: боланинг ҳаракат эркинлигини чеклаш, уни санитария-гигиена талабларига жавоб бермайдиган ҳужра биноларда сақлаш, унга жисмоний азоб бериш ёки маънавий босим ўтказиш каъби қонунга зид ҳатти-ҳаракатлар амалга оширилган.
Янги қонун болани ноқонуний диний таълимга жалб қилганлик учун ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг жавобгарлигини назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчаларни ўз ичига олади.





