Сурияга урушдан ҳам хатарли офат хавф солмоқда
Сурия давлатига урушдан ҳам хатарли офат хавф солаётгани маълум бўлди. Бу ҳақда Euroasia.me хабар берди.
Хабарга кўра, очлик ва қашшоқлик Суриянинг иқтисодиётига таъсир қилиб, инфляция даражасини ошириб юборган. 2015-2020 йилларда озиқ-овқат маҳсулотлари нархи 33 бараварга кўтарилган эди. Коронавирус пандемияси эса аҳоли учун янада оғир синовларга сабабчи бўлди.
БМТнинг маълумотига кўра, мамлакатда 12,4 миллион киши (аҳолининг 60 фоизи) очлик исканжасида қолмоқда. Ваҳоланки, 2020 йилнинг май ойида ҳам 9,3 миллион киши озиқ-овқат тақчиллигидан азият чеккан.
«Очлик, қашшоқлик ва овқат тақчиллиги муаммосга рўбарў бўлган сурияликлар сафи шиддат билан кенгайиб бормоқда. Аксар оилаларда бирламчи озиқ-овқат маҳсулотлари ҳам йўқлиги хавотир ва ташвиш уйғотмоқда», – дейди БМТнинг озиқ-овқат масалалари бўйича агентлиги вакили Жессика Лоусон.
Қайд этилишича, 2011 йилдан буён Шом тупроқларида 387 минг киши ҳалок бўлиб, миллионлаб аҳоли шаҳарни тарк этишга мажбур бўлган.
Таъкидланишича, бир неча минг йиллик тарихга эга кўҳна шаҳарлар ер билан яксон этилди. Кўп минг сонли аҳолининг бошпанаси йўқ қилиб юборилди.