Олий Мажлис Сенати Раиси МДҲ ПА Кенгашининг ялпи мажлисида иштирок этди

Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги Парламентлараро ассамблеяси Кенгашининг 51 ялпи мажлиси 2020 йил 21 ноябрь куни видеоконференцалоқа форматида бўлиб ўтди. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати

Маълум қилинишича, мажлисда МДҲ ПА Кенгашининг Раиси, Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Федерация Кенгаши Раиси Валентина Матвиенко, Туркманистон Межлиси Раиси Г.Маммедова, МДҲ ПА доимий комиссияларининг раислари қатнашган.

Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати

Мажлисда Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева кириш сўзи билан иштирок этган. Парламент юқори палатаси раҳбари ўз нутқида МДҲ Ўзбекистон учун сиёсий, ҳуқуқий ва гуманитар ҳамкорлик каби устувор соҳаларда амалий кўмак кўрсатувчи муҳим институт ҳисобланишини таъкидлаб ўтган.

Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати

Ўзбекистон 2020 йилда ўзининг Ҳамдўстликдаги раислиги доирасида МДҲдаги жараёнларнинг ривожланишида ва унинг халқаро майдондаги  нуфузини оширишда фаол иштирок этади.

«Пандемияга қарамасдан МДҲ бўйича шериклар билан ҳамкорликда ишлар олиб борилмоқда. Ўзбекистоннинг раислигида Концепция амалга оширилмоқда, шу жумладан тадбирлар ташкил этилмоқда, иқтисодиёт ва транспорт, инновациялар ва маданият, туризм ва спорт, ёшлар сиёсати, хавфсизлик соҳаларида ҳужжатлар қабул қилинмоқда, МДҲ устав масалаларини амалга оширишда, шу жумладан Парламентлараро ассамблея доирасида парламент дипломатияси мустаҳкамланмоқда.

БМТ Бош Ассамблеясининг ‘Бирлашган Миллатлар Ташкилоти билан Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ўртасидаги ҳамкорлик’ махсус резолюциясининг қабул қилиниши муҳим натижалардан бири бўлди.

Ўзбекистон парламенти юқори палатаси раҳбарининг таъкидлашича, муҳокамага қўйилган ҳужжатлар ўз вақтида қабул қилинган ва долзарбдир, унга талаб бор ва давлатларимиз қонунчилик базасини ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга. Ҳамкорликда қабул қилинган қарорлар Ассамблея доирасида ҳамкорликни янада ривожлантириш ва унинг самарадорлигини оширишда муҳим қадам бўлади», — дейилади Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати хабарида.

Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати

Таъкидланишича, тадбирлар кун тартибига МДҲ иштирокчи давлатларнинг моддий мерос объектларини сақлаш тўғрисида Конвенция лойиҳаси, шу жумладан Меҳнат кодекси, Сайлов кодекси, парламент назорати тўғрисидаги модел қонунларни тасдиқлаш масалалари киритилган.

Аввалроқ Танзила Норбоева БМТнинг Хотин-қизлар ҳолати бўйича тўртинчи Бутунжаҳон конференциясида нутқ сўзлагани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, Сенат раиси «Аёллар тараққиёти ва фаровонлиги глобал ташаббуси» бўйича саъй-ҳаракатга чақириқни Ўзбекистон номидан имзолагани ҳамда Халқаро қизлар кунига бағишлаб ўтказилган учрашувда иштирок этгани маълум қилинганди.

Янгиликлар