Сурхондарёдан ўрта палеолит даврига оид ёдгорлик топилди

Сурхондарё вилояти Шеробод туманида археологик дала тадқиқотлари олиб борилиши натижасида ўрта палеолит даврига оид ёдгорлик топилди.

Маълум қилинишича, Кўҳитангтоғ тизмаси ҳудудида дала тадқиқотлари ўтказилган. Дастлабки кузатувлар натижасида ёдгорлик ер сатҳидан кўплаб тош узаклар, уларнинг парчалари, учринди ва пластиналар ҳамда қуроллар йиғиб олинган.

Ёдгорлик маданий қатламлари ҳолатини аниқлаштириш учун 1х2 метр ҳажмида шурф қазилган. Қазув ишлари ер сатҳидан 0,5 метр чуқурликда қоятош ётқизиқларида тўхтатилган. Қазув ишлари натижасида ёдгорлик битта маданий қатламдан иборат экани аниқланган. Маданий қатлам кул ва куйинди қолдиқлари билан қопланган қорамтир, майда тарқоқ тупроқдан таркиб топган бўлиб, унда ҳам кўплаб тош буюмлар ва ёввойи ҳайвон суяк қолдиқлари топилган.

Ушбу ёдгорлик ҳудудда илгари топиб ўрганилган Тешиктош ёдгорлигига хронологик ва маданий жиҳатдан ўхшашлиги билан аҳамиятли ҳисобланади. Ёдгорликдан топилган тош буюмлар ўрта палеолит даврига тегишли бўлиб, тошга ишлов бериш техникаси ва тош буюмлар маданий жиҳатдан айнан Тешиктош ёдгорлиги анъаналарини такрорлайди.

Янгиликлар