Вазирликнинг масъул лавозимли ходими пора билан қўлга олинди
Вазирликларидан бирида масъул лавозимда ишловчи шахс пора олганлиги аниқланди. Бу ҳақда Xabar.uz хабар берди.
Хабарга кўра, Республика вазирликларидан бирида масъул лавозимда ишловчи ушбу мансабдор шахс муқаддам Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани ҳокимининг ўринбосари лавозимида ишлаган даврида Хўжакент МФЙдан маҳаллий тадбиркорга 30 сотих ер майдони ажратилиши учун туман ҳокимининг тегишли қарорини чиқартириб бериб, эвазига ундан 35 минг АҚШ доллари олган.
Кейинроқ, назорат органлари томонидан туманда ўтказилган хатлов натижасида ҳокимнинг ерга эгалик ҳуқуқини берувчи ушбу қарори бекор қилинган.
Хабарга кўра, прокуратура ва департамент томонидан мазкур мансабдор шахс муқаддам олган пулидан 8900 АҚШ долларини қайтариб берган вақтида ушланган.
Ҳозирда ушбу шахсга нисбатан ЖКнинг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.