Қозоғистон октябр охиридан Ўзбекистон орқали Россия газини таший бошлаши маълум қилинди
Қозоғистон Россия газини Ўзбекистон орқали ташишни октябр ойининг охирида бошлайди.
Аввал Қозоғистон Россиядан Ўзбекистонга газ транзитини 1-октябрдан бошлашни режалаштирганди. Саткалиев таъкидлашича, ҳозирда газ қувурида таъмирлаш ишлари давом этмоқда, Қозоғистонга транзит бўйича ҳали зарур ариза келиб тушмаган.
“Ҳозирда Қозоғистон Республикаси ҳудудида қурилиш билан боғлиқ ишлар якунланмоқда, газни ҳисобга киритиш учун алоҳида линия ажратилмоқда. Жадвалга кўра, октябр ойи охиригача ишлар якунланиши керак”, — деди Саткалиев.
Унинг қўшимча қилишича, транзит қилинадиган газ ҳажми бўйича ҳали якуний келишувга эришилмаган.
Ўзбекистон Энергетика вазирлиги матбуот котиби бу борада ҳали расмий қарор йўқлигини таъкидлади.
“Ўзбекистон томони газни бугун юборишса, бугун қабул қилишга тайёр. Аммо бу жиддий масала. Транзит масаласи. Фақат бизгагина боғлиқ бўлмаган ҳолат”, — деди Энергетика вазирлиги матбуот котиби Ҳасан Тошхўжаев.
Июнь ойида “Газпром” “ҚазақГаз” билан газни Қозоғистон орқали Ўзбекистонга ташиш бўйича шартнома имзоланганини эълон қилди. Россия компанияси ҳам, Қозоғистон Энергетика вазирлиги ҳам келишув шартларини ошкор қилмади.