Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида чегара юзасидан протокол имзоланди
Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида чегара масалалари бўйича 6 кунлик музокаралар якуни юзасидан протокол имзоланди.

Тожикистон ТИВ маълумотларига кўра, учрашув демаркация бўйича қўшма комиссия иши доирасида бўлиб ўтган. «Тожикистон–Ўзбекистон ишчи гуруҳи 31 январдан 5 февралгача Жиззахда чегара масалалари бўйича навбатдаги музокараларни олиб борди», дейилади хабарда.
Қайд этилишича, учрашув давомида тожик–ўзбек чегарасининг демаркация чизиғи лойиҳаси бўйича қўшма таклифлар тайёрланган. Ишчи гуруҳ мутахассислари чегара ҳудудларида ҳам бўлган.
Келтирилишича, учрашув дўстлик ва ўзаро англашув муҳитида ўтган, жараён якунига кўра баённома имзоланган. Томонлар чегара масалалари бўйича навбатдаги учрашувни Тожикистонда ўтказишни режалаштирмоқда.





