Ўзбекистонда ҳарбий тавсияномаси тасдиқланмай қолган абитуриентларнинг 128 нафари грант асосида талаба бўлди
Ўзбекистонда ҳарбий тавсияномаси тасдиқланмай қолган абитуриентлар талабаликка тавсия этилди. Ҳарбий тавсияномага эга 1,8 мингдан ортиқ абитуриентнинг 128 нафари давлат гранти асосида, 478 нафари эса тўлов-контракт асосида талаба бўлган. Бу ҳақда Давлат тест маркази матбуот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, 2020 йилда ҳарбий қисм қўмондонлиги тавсияномасига эга жами 13 107 нафар абитуриент олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига ўқишга кириш учун рўйхатдан ўтган. Масъул ваколатли органлар томонидан дастлабки текшириш натижаларига кўра, 1828 нафар абитуриентнинг ҳарбий қисм қўмондонлиги тавсияномаси тасдиқланмаган.
Масъул ваколатли органлар ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар билан қайта текшириш натижаларига кўра, 1828 нафар абитуриентдан 1516 нафари ҳарбий қисм қўмондонлиги тавсияномасига эга эканлиги, 172 нафари сафарбарлик чақирув резервида хизмат қилганлиги, 85 нафари ҳарбий хизматни ўтамаганлиги ва 55 нафари муддатли ҳарбий хизматни ўтаганлиги, лекин ҳарбий қисм қўмондонлиги тавсияномасига эга эмаслиги аниқланди.
Давлат тест маркази томонидан тавсияномаси тасдиқланган абитуриентларнинг тест синовида тўплаган баллари асосида танлов натижалари (ҳар бир таълим шакли ва олий таълим муассасаси кесимида) ҳисобланганда 1516 нафар абитуриентдан 128 нафари давлат грантига, 478 нафари тўлов-контрактга ўтиш балларига тенг ёки ундан юқори (рўйхатдан ўтишда танланган 1-олий таълим муассасасида имтиёз доирасида ўтиш балига нисбатан) балл тўплаганлиги маълум бўлган.
Қайд этилишича, таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясининг 6-сон баёни билан бу абитуриентларнинг 128 нафари давлат гранти асосида, 478 нафари эса тўлов-контракт асосида талабаликка тавсия этилган.
«Ҳозир талабаликка тавсия этилган абитуриентларнинг қайдномаси олий таълим муассасаларига тақдим этилмоқда. Талабаликка тавсия этилган абитуриентлар ўз натижаларини шахсий кабинетлари орқали кўришлари мумкин», дейилади хабарда.
Аввалроқ Ўзбекистонда мадрасаларда ўтказилган тест синовлари натижалари эълон қилингани ҳақида хабар берилганди.