ДТМ кириш имтиҳонлари натижаларининг ҳисоблаш жараёни якунига етмаганини маълум қилди

Давлат тест маркази олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонлари натижаларининг ҳисоблаш жараёни якунига етмаганини маълум қилди.

Фото: «Tez News»

Қайд этилишича, ҳозирда барча олий таълим муассасаларидан касбий (ижодий) имтиҳон натижалари ягона базага йиғилмоқда ва бу натижалар тест синовлари натижалари билан бирга ҳисобланмоқда.

Маълумотларга кўра, Давлат тест маркази томонидан барча абитуриентларнинг тест синовида тўплаган натижалари бўйича ишлар якунига етган. Лекин кўплаб имтиёзлар (ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари, ИИВ органи ходимлари фарзандлари, ҳарбий қисм қўмондонлиги тавсияномаси, хотин-қизлар ва Сўх тумани учун ажратилган қўшимча қабул кўрсаткичлари ва бошқалар) ҳам тест синовлари орқали талабаликка қабул қилинадиган таълим йўналишларига, ҳам касбий (ижодий) имтиҳон орқали қабул қилинадиган таълим йўналишларига татбиқ этилаётганлиги сабаб якуний натижага ҳали эришилмаган. Шунингдек, касбий (ижодий) имтиҳонлар 20 сентябрга қадар давом этганлиги сабабли танлов натижаларини ҳисоблаш ишлари ҳали якунланмаган.

Хабарда мазкур жараён якунига етгач, абитуриентларнинг талабаликка тавсия этилгани ёки этилмагани бўйича белгиланган тартибда тасдиқланган танлов натижаси Давлат тест марказининг расмий веб-сайтида эълон қилиниши билдирилган.

Аввалроқ Ўзбекистонда ўқишга кирган ёки кирмаганлиги 24 сентябрга қадар аниқ бўлиши, республика бўйича 63,5 минг абитуриент тест синовларида қатнашмагани, 90 нафар абитуриент иситмаси борлиги сабаб имтиҳонга киритилмагани хабар қилинган эди.

Янгиликлар