«Тест саволларини тарқатган абитуриентлар тест синовларидан четлаштирилади» — ДТМ раиси ўринбосари

Ўзбекистон Президенти Aдминистрацияси ҳузуридаги Aхборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Давлат тест маркази мутасаддилари иштирокида бўлиб ўтган матбуот анжуманида кириш имтиҳонларида тест топшириқларини расмга олган абитуриентларнинг тест натижаси эълон қилинмаслиги маълум қилинди.

Кадр: YouTube

Маълум қилинишича, кириш имтиҳонларининг биринчи ва иккинчи, яъни 2—3 сентябрь кунлари ўтказилган имтиҳонлар жараёнида тест топшириқлари расмга олинганлиги ва оммавий ахборот воситаларида тарқатилгани бўйича текширув ўтказилган. Ушбу ҳолатларда абитуриент саволлар китобининг рақами асосида кимлиги аниқланган ҳамда ўша абитуриент синовдан четлаштирилган ва унинг тест натижаси эълон қилинмаслиги белгиланган.

«Тест синовларига телефон олиб кириб, саволлар китоби тарқатиб юборилгани каби ҳолатлар учрамоқда. Саволлар китобини ким тарқатганини аниқлаш қийин эмас. Тест саволларини тарқатган абитуриентлар аниқланади ва уларнинг тўпланган баллари ҳисобга олинмайди ҳамда улар тест синовларидан четлаштирилади», — деди Давлат тест маркази раиси ўринбосари Сардор Ражабов.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ДТМ тест синовида телефондан фойдаланган абитуриентга тегишли чора кўрилишини маълум қилганди.

Шунингдек, кириш имтиҳонларининг биринчи кунида 6 мингдан ортиқ абитуриент тест синовига келмади, 59 нафари имтиҳондан четлаштирилди.

Янгиликлар