ДТМ тест синовида телефондан фойдаланган абитуриентга тегишли чора кўрилишини маълум қилди

Ижтимоий тармоқларда абитуриентнинг тест синовида телефондан фойдаланаётгани акс этган видео тарқалди. Ҳолат юзасидан Давлат тест маркази расмий маълумот берди.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат ДТМ томонидан Aхборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги билан ҳамкорликда аниқланган. Ҳозирда ҳолат бўйича ДТМда барча маълумотлар мавжуд.

Видеоёзув Сирдарё вилоятидаги 4-камерадан, яъни Гулистон шаҳри марказий стадионида бўлиб ўтаётган тест синовларидан олинган. Маълумотларга кўра, мазкур абитуриентга тегишли тарзда чора кўрилади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018-йил 3-апрелдаги 261-сон қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларининг бакалавриатига ўқишга қабул қилиш учун кириш тест синовларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом»га мувофиқ тест синовлари жараёнида видеокузатувлар орқали абитуриентнинг тартиб ва қоидаларга амал қилмаганлиги аниқланса, абитуриент тест синовлари жараёнидан четлаштирилади ва натижалари чиқарилмаслигига асос бўлади.

Маълумот учун, Ўзбекистон бўйича 37 нафар абитуриент биринчи сменада тестдан четлаштирилган.

Аввалроқ, абитуриентларга кириш имтиҳонларига бош кийим билан келишга рухсат берилгани, ОТМларга кириш имтиҳонлари усти очиқ стадионларда ўтказилиши ҳақида хабар берилган эди.

Янгиликлар