Ўзбекистонда ОТМларга кириш имтихонлари усти очиқ стадионларда ўтказилади

Президент Шавкат Мирзиёев 6 август куни 2020 йилда олий таълим муассасаларига қабулни ташкил қилиш ва 2020/2021 ўқув йилига тайёргарлик кўриш масалалари юзасидан йиғилиш ўтказди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум қилинишича, йиғилишда тест имтиҳонларини абитуриентлар ва назоратчилар учун эпидемиологик хавфсизликни таъминлаш имконини берадиган жойда ўтказиш кераклиги қайд этилди.

«Ёпиқ бинолар эпидемиологик талабга жавоб бермаслигини, ижтимоий масофага риоя қилинган тақдирда имтиҳонлар вақти анчага чўзилиб кетишини инобатга олиб, тест синовларини Тошкент ва Нукус шаҳарлари, вилоятлар марказларидаги стадионларда ташкил этишга топшириқ берилди. Бунда имтиҳонлар кунига 2 марта (ҳаво салқин пайтда) ўтказилса, барчасини тахминан 12—14 кунда якунлаш мумкин», — дейилади хабарда.

Мутасадди вазирлик ва идораларга стадионларни тест синовларига пухта тайёрлаш, уларнинг дислокацияси бўйича абитуриентларни тўлиқ хабардор қилиш юзасидан кўрсатмалар берилди.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев имтиҳонларнинг санасини Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Санитария-эпидемиология хизматининг эпидемиологик вазият борасидаги хулосасидан келиб чиққан ҳолда белгилаш, аҳоли саломатлигига хавфсизлигини таъминлаш лозимлигини таъкидлаган.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев қишлоқ хўжалиги соҳасига ажратилган кредитнинг бир долларини уч долларга айлантириш зарурлигини таъкидлаган эди.

Янгиликлар