Ўзбекистонда 63,5 минг абитуриент тест синовларида қатнашмади. 1187 нафар абитуриент имтиҳонлардан четлатилди

Ўзбекистонда ОТМларга кириш синовларида иштирок этиши белгиланган 1 миллион 304 минг 194 нафар абитуриентдан 1 миллион 240 минг 614 нафари (95,1 фоиз) иштирок этди. Бу ҳақда Давлат тест маркази хабар берди.

Маълум бўлишича, ҳужжат топширган абитуриентларнинг 63 минг 580 нафари (4,9 фоиз) турли сабабларга кўра тест синовларида иштирок этмаган. Шундан 1 187 нафар абитуриент турли сабабларга кўра тест синовларидан четлатилган. Улардан 548 нафари ҳудудга киришда, 639 нафари эса тест синови жараёнида аниқланган.

Жумладан, ҳудудга киришда (энг кўп кузатилган):

  • 367 нафар абитуриент телефон олиб киришга урингани;
  • 48 нафари шпаргалка олиб киришга урингани;
  • 118 нафари ўринга ўрин киришга ҳаракат қилгани;
  • 10 нафари ҳужжат сохталаштиргани учун четлатилди.

Тест синови жараёнида (энг кўп кузатилган):

  • 491 нафар абитуриент телефондан фойдалангани;
  • 68 нафари шпаргалкадан фойдалангани;
  • 27 нафари ўринга ўрин киргани учун тест синовларидан четлатилди.

Қолган абитуриентлар калкулятор олиб киришга урингани, шахси тасдиқланмагани, ўзаро гаплашгани, тест материалларини алмаштиргани, тест материалларини олиб чиқишга урингани каби турли сабаблар билан тест синовларидан четлатилган.

Аввалроқ Ўзбекистонда 90 нафар абитуриент иситмаси борлиги учун имтиҳонга киритилмагани, «Темурбеклар мактаби»га кириш имтиҳонларининг қачон ўтказилиши маълум қилинган.