«Темурбеклар мактаби»га кириш имтиҳонларининг ўтказилиш санаси маълум бўлди
Мудофаа вазирлигига қарашли «Темурбеклар мактаби»га кириш имтиҳонлари 16 август, чоршанба куни бўлиб ўтади. Бу ҳақда вазирликнинг Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти «Tez News»га хабар берди.
Бўлиб ўтадиган тест имтиҳонларининг шаффофлигини таъминлаш мақсадида мутасадди ташкилотлар томонидан карантин қоидаларига риоя қилинган ҳолда барча шароитлар яратилмоқда.
«Темурбеклар мактаби»га кириш имтиҳонлари Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидан бўлган абитуриентлар учун пойтахтдаги «Ашхобод сайилгоҳи»да ўтказилади.
Имтиҳонлар икки сменада — соат 08:00 ва соат 16:00 да бўлиб ўтади.
Бундан ташқари, абитуриентларга қулайлик яратиш мақсадида имтиҳонлар ҳар бир номзоднинг ўз вилоятида ўтказилади. Қуйида «Темурбеклар мактаби» учун ҳар бир вилоятда ўтказиладиган имтиҳон манзиллари келтирилган:
- Қорақалпоғистон — «Турон» марказий стадионида;
- Андижон — Спортнинг ўйин турлари ва енгил атлетикага ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактаби асосий стадиони 1А-бино;
- Наманган — «Навбаҳор-умид» стадиони;
- Фарғона — Фарғона давлат университети стадиони;
- Бухоро — «Бухоро» спорт мажмуаси стадиони;
- Хоразм — «Хоразм» спорт мажмуаси;
- Сурхондарё — Термиз ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб интернати футбол майдони;
- Қашқадарё — «Насаф» футбол клуби машғулотлар майдони;
- Жиззах — «Сўғдиёна» марказий ўйингоҳи футбол майдони;
- Навоий — «Кимёгар» ўйингоҳи;
- Сирдарё — Гулистон шаҳри марказий ўйингоҳи;
- Самарқанд — «Локомотив» футбол стадиони ҳамда «Нурафшон» футбол стадионида ўтказилади.
Маълумот учун, ҳарбий-академик лицейларда ўқиш давомийлиги икки йил бўлиб, ҳар бирига йиллик қабул квотаси 100 кишини ташкил этади.
«Темурбеклар мактаби» битирувчилари олий ҳарбий ва ихтисослаштирилган таълим муассасаларига ўқишга киришда тест синовларида тўплаган балларининг 30 фоизи, республиканинг бошқа олий ўқув юртларига ўқишга киришда эса 15 фоизи миқдорида қўшимча баллар кўринишида имтиёзга эга бўлади.
«Темурбеклар мактаби»ни имтиёзли диплом билан тугатган битирувчилар таркибида ушбу мактаб бўлган вазирлик ва идораларнинг тегишлилиги бўйича олий ҳарбий ёки ихтисослаштирилган билим юртларига тест синовларисиз, ҳарбий-касбий саралаш тадбирларини муваффақиятли ўташ натижалари бўйича киради.
Аввалроқ Ўзбекистонда абитуриентларнинг ўқишга кирган ёки кирмаганлиги 24 сентябрга қадар аниқ бўлиши, Самарқандда кириш имтиҳонларининг дастлабки 8 кунида 200 га яқин қоидабузарлик аниқлангани, Андижонда 8 кунда 69 нафар абитуриент имтиҳондан четлаштирилгани хабар қилинган эди.