Aндижонда 8 кун давомида 69 нафар абитуриент имтиҳондан четлаштирилди
Aндижон вилоятида тест синовларининг ўтган 8 куни мобайнида жами 69 нафар абитуриент тақиқланган буюмлар олиб киришга уринганлиги сабабли тест имтиҳонидан четлаштирилди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар қилди.
Хабарга кўра, вилоятдан ОТМга кириш имтиҳонлари учун жами 106 минг 697 нафар абитуриент рўйхатдан ўтган. Шундан 96 минг 57 нафар абитуриент бевосита Aндижонда ўтказиладиган тест синовларида иштирок этади.
Қайд этилишича, тест жараёнларида хавфсизликни таъминлаш, шунингдек, абитуриентларни тест ўтказиладиган майдонларга коронавирус инфекцияси юқиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича белгиланган тартибларга амал қилган ҳолда киритиш мақсадида ички ишлар, соғлиқни сақлаш, фавқулодда вазиятлар бошқармалари, Миллий гвардия ҳамда санитария-эпидемиология осойишталик маркази ходимлари жалб қилинган.
Хусусан, Aндижон вилояти ички ишлар бошқармасининг 170 нафар ходими ва 12 та хизмат ити тест жараёнларига хавфсизликни таъминлаш мақсадида жалб қилинган.
Қайд этилишича, тест синовларининг ўтган саккиз куни мобайнида жами 69 нафар абитуриент тақиқланган буюмлар олиб киришга уринганлиги сабабли тест имтиҳонидан четлаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, кириш имтиҳонларининг биринчи кунида 6 мингдан ортиқ абитуриент тест синовига келмади, 59 нафари имтиҳондан четлаштирилгани ҳамда Бухорода ички кийимига телефон яширган абитуриент қиз қўлга тушгани ҳақида хабар қилинганди.