Ўзбекистонда Шифокорлар куни нишонланмоқда. Бугун уларга муносабат қандай ўзгарди?
Ўзбекистонда ноябрь ойининг иккинчи якшанбаси анъанавий тарзда Тиббиёт ходимлари куни сифатида нишонланади. Бу ҳақдаги тегишли қонун 2006 йилнинг 12 сентябрь куни қабул қилинган. Шундан буён мазкур сана соҳа ходимларининг байрами ҳисобланади. Бу соҳа ходимларига давлат миқёсидаги эътиборнинг бир намунаси ҳисобаланади.
Аммо жамиятда шифокорларга бўлган муносабат қандай эди-ю, ҳозир қандай? Бугун кўпчилик шифокорларнинг жамиятдаги миссиясини, аҳамиятини тўғри тушуна бошлади. Лекин унгача шифокорларга беписанд муносабатда бўлиш, ҳашарга олиб чиқиш, порахўрликда айблаш, уларни асосли-асоссиз танқид қилиш кўп учрарди. Аввало, соҳа ходимларининг маоши кўп йиллар мобайнида турли баҳсларга сабаб бўлиб келаётган эди. Шуларни ҳисобга олган ҳолда 2018 йил 7 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Давлат тиббиёт муассасалари ва соғлиқни сақлашни бошқариш органлари ходимларини моддий рағбатлантиришни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Қарор матнига кўра, «давлат тиббиёт муассасалари ва соғлиқни сақлашни бошқариш органлари ходимларини ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтириш, уларнинг моддий манфаатдорлигини ошириш, самарали ишлаши учун муносиб шарт-шароитлар яратиш, юксак профессионал кадрлар салоҳиятини шакллантириш мақсадида давлат тиббиёт муассасалари тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш миқдорлари 2018 йил 1 декабрдан 1,2 баравар ва 2019 йил 1 апрелдан — 1,15 баравар босқичма-босқич оширилиши» кўзда тутилган эди.
Шифокорларга бўлган талаб қанчалик долзабр эканлиги, айниқса, коронавирус касаллиги пайдо бўлганидан кейин яққол сезилиб қолди. Шунингдек, уларнинг ойлик маошларини ошириш масаласи ҳам айни шу даврда долзарб аҳамият касб этди. Шу сабабли ҳам 2020 йилнинг 26 март куни Президент қарори билан коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишга жалб қилинган тиббиёт ва санитария-эпидемиология хизмати ходимларини қўллаб-қувватлаш мақсадида айрим тиббиёт ходимларига қўшимча тўловлар белгиланди.
Қарорга кўра, коронавирусдан зарарланган беморлар билан мулоқотга киришадиган, зарарланган беморлар жойлаштирилган объектларда ҳамда коронавирус инфекциясини аниқлаш лабораторияларида фаолият олиб бораётган тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларга ҳар 14 кунлик фаолият даври учун қуйидаги миқдорларда (солиқлардан ташқари) махсус қўшимча рағбатлантириш тўлови белгиланди:
- врач ходимларга, врач-лаборантларга — 25 миллион сўм;
- ўрта тиббиёт ходимларига, ҳамшира-лаборантларга — 15 миллион сўм;
- кичик тиббиёт ходимларига — 10 миллион сўм;
- бошқа ходимларга — 5 миллион сўм.
Шунингдек, коронавирус инфекциясини юқтирган тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларнинг соғлиғига шикаст етказилгани ёки уларнинг оғир аҳволга тушиши ва соғлиғи тикланмагани муносабати билан бир йўла қўшимча тўловлар бериладиган бўлди.
Пандемия даврида шифокорларнинг ҳурмати янада ошди, ижтимоий тарқмоқларда, телевидениеда шифокорларни мадҳ этган шеърлар, қўшиқлар, видеороликлар тинмай намойиш этилди. Айтиш мумкинки, уларга нисбатан қараш бошқа томонга ўзгарди десак муболаға бўлмайди. Масалан, бир йил олдинги воқеаларни эсга олсак, шифокорга бўлган муносабат қандайлигини кўриш мумкин. Жумладан, кўпчиликнинг диққатини тортган шифокорларни калтаклаш «сериялари» ҳам бунга ёрқин мисол бўла олади.
Шу йилнинг 6 ноябрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев тиббииёт соҳаси фаолиятига бағишланган видеоселектор йиғилишида қатнашиб, соҳа ходимларини касб байрами билан табриклади:
— Бугунги давр талаби шундайки, байрам кунлари, тантанали айёмларда ҳам, ҳаётнинг ўзи олдимизга қўяётган турли муаммолар ҳақида ўйлашимиз, уларнинг самарали ечимларини топишимиз зарур. Барча соҳалар қатори тиббиёт тизими олдида ҳам ғоят мураккаб вазифалар юзага келмоқда. Инсон саломатлиги учун ўзини масъул ва жавобгар деб ҳисоблайдиган ҳар бир тиббиёт ходими билим ва малакасини доимий ошириб бориши, янги технологиялар ва даволаш усулларини ҳар томонлама пухта эгаллаши энг ўткир масалага, ҳаётий заруратга айланмоқда. Аминманки, Абу Али ибн Синодек буюк аждодларимизнинг муносиб ворислари, Ўзбекистон тиббиёт мактаби анъаналарининг давомчилари бўлган сиз, азизлар, ўз фаолиятингизни ана шундай юксак мезонлар асосида ташкил этиб, олижаноб бурчингизни бундан буён ҳам шараф билан адо этасизлар…
Ишонаман, жонкуяр шифокорларимиз бугунги белгиланган вазифаларни ҳам фидойилик ва матонат билан, бор билим ва тажрибаларини ишга солиб, албатта, уддалайдилар. Энг катта бойлик бўлган халқимиз саломатлигини сақлашда ҳақиқатда жонбозлик кўрсатадилар, — деди Шавкат Мирзиёев. джокер казино
Биз ҳам таҳририятимиз номидан тиббиёт соҳаси ходимларини бугунги касб байрамлари билан чин дилдан табриклаб қоламиз. Уларга битмас-туганмас бахт, мустаҳкам соғлиқ, оилавий хотиржамлик тилаймиз. Бахтимизга бор бўлинг азиз шифокорлар.