Пастдарғомда Рақамли технологиялар ўқув маркази фаолиятини бошлади
Самарқанд вилояти Пастдарғом туманида 7 ноябрь куни Aхборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлигининг Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармаси ҳамда Пастдарғом тумани ҳокимлиги билан ҳамкорликда ташкил этилган Рақамли технологиялар ўқув маркази фаолиятини бошлади. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар қилди.
Хабарга кўра, шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда Aхборот технологиялари ва коммуникасияларини ривожлантириш вазирлиги вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи, туман ҳокимининг ўринбосари, соҳага тегишли корхона ва ташкилот вакиллари ҳамда ўқувчи ёшлар иштирок этди.
Қайд этилишича, мазкур марказ замонавий компьютер техникалари билан жиҳозланган бўлиб, унда туман ёшларини рақамли технологиялар, замонавий компютер технологиялари, электрон тижорат, дастурлаш, робототехника асосларини ўргатиш бўйича курслар ташкиллаштириш ва ўқитиш кўзда тутилган.
«Бугун жамият тараққиётини ахборот коммуникасия технологияларисиз тасаввур этиб бўлмайди. Табиийки, соҳа бўйича етук мутахассислар тайёрлаш тизимини ҳам давр талабига ҳамқадам тарзда такомиллаштириб бориш вазифаси қўйилмоқда. Барча жабҳаларда рақамли технологиялар жадал татбиқ этилаётган бугунги кунда бу масалада фақат олий ва махсус ўқув юртларига суяниб қолмасдан, мутахассислар тайёрлашнинг интенсив, инновасион усулларидан ҳам кенг фойдаланиш тақозо этилмоқда», дейди вазирликнинг вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи.
Аввалроқ Нурободда рақамли технологиялар ўқув маркази ташкил этилиши ва Қўшработ ва Нуробод туманлари рақамли технологиялар бўйича намунали ҳудудга айлантирилиши маълум қилинганди. Шунингдек, Андижонда Варшава менежмент университети филиали очилиши ҳақида хабар қилинган.