Нурободда рақамли технологиялар ўқув маркази ташкил этилади

Самарқанд вилояти Нуробод туманида Тошкент ахборот технологиялари университети Самарқанд филиали ўқитувчиларини жалб қилган ҳолда рақамли технологиялар ўқув маркази ташкил этилади. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар қилди.

Фото: АКТ вазирлиги ахборот хизмати

Хабарга кўра, «Рақамли Ўзбекистон–2030» стратегияси доирасида Нуробод туманида рақамли телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш ва модернизация қилиш бўйича 2020—2022 йилларда амалга ошириладиган лойиҳалар бўйича йўл харитаси ишлаб чиқилган. Унга асосан, 7 та йўналиш бўйича умумий қиймати 9,9 миллиард сўмга тенг лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган.

Қайд этилишича, ТAТУ Самарқанд филиали ўқитувчиларини жалб қилган ҳолда, туманда ахборот технологиялари соҳасида кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш мақсадида рақамли технологиялар ўқув маркази ташкил этилади.

Аввалроқ Наманган шаҳрида ташкил этилган Давлатобод тумани Ўзбекистонда биринчи Smart City’га айлантирилиши ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, Когонда салкам 22 миллиард сўмлик лойиҳалар асосида 225 та иш ўрни яратилиши ва Қўшработда қиймати 105 миллиард сўмдан ортиқ бўлган 29 та саноат корхона ташкил этилиши маълум қилинганди.

Янгиликлар