Қўшработ ва Нуробод туманлари рақамли технологиялар бўйича намунали ҳудудга айлантирилади

Самарқанд вилоятининг Қўшработ ва Нуробод туманлари 2022 йил якунига қадар рақамли технологиялар бўйича намунали ҳудудга айлантирилади. Бу ҳақда «Zar News» хабар берди.

Маълум қилинишича, 2020—2022 йиллар давомида ҳудудларни рақамли трансформация қилиш дастурига асосан вилоятда 2022 йил якунига қадар 47 та лойиҳани амалга ошириш белгиланган.

Хабарга кўра, Нуробод туманида 2020 йил якунига қадар умумий қиймати 9,9 миллиард сўмлик 21 та лойиҳа амалга ошириш режалаштирилган. Мазкур маблағнинг 1,2 миллиард сўми маҳаллий буджет, 8,7 миллиард сўми ижрочи корхона ва ташкилотлар маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Нурободда 7 та рақамли инфратузилма, 2 та давлат бошқаруви, 6 та ижтимоий соҳа, 1 та коммунал хўжалиги, 1 та қишлоқ хўжалиги, 2 та саноат ва қурилиш, 2 та ўқитиш ва малака ошириш соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган.

Бундан ташқари, Қўшработ туманида 2021 йилнинг И чорагида умумий қиймати 14,3 миллиард сўмлик 18 та лойиҳа амалга оширилиши белгиланган. Мазкур маблағнинг 312,6 миллион сўми маҳаллий буджет, 14 миллион сўми ижрочи корхона ва ташкилотлар маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Қўшработда 5 та рақамли инфратузилма, 3 та давлат бошқаруви, 4 та ижтимоий соҳа, 1 та коммунал хўжалиги, 2 та қишлоқ хўжалиги, 1 та саноат, 2 та ўқитиш ва малака ошириш соҳасида лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган.

Хабарга кўра, Нуробод тумани бўйича белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш ишлари бошланган. Туманда 1024 портли ОЛТ қурилмаси ўрнатилиб, 4,4 километр оптик толали алоқа кабель ётқизилган.

Аввалроқ Наманган шаҳрида ташкил этилган Давлатобод тумани Ўзбекистонда биринчи Smart City’га айлантирилиши ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, Когонда салкам 22 миллиард сўмлик лойиҳалар асосида 225 та иш ўрни яратилиши ва Қўшработда қиймати 105 миллиард сўмдан ортиқ бўлган 29 та саноат корхона ташкил этилиши маълум қилинганди.

Янгиликлар