Наманганда 5 ёшли қизнинг зўрланиши бўйича иш судга оширилди
Жиноят ишини кўриб чиқиш 18 ноябрга белгиланди. Жабрланувчи вояга етмагани сабабли суд мажлиси ёпиқ тарзда ўтказилади

Фото: «Tez News»
Эслатиб ўтамиз, сентябр ойида Наманган вилояти Учқўрғон туманидаги давлат боғчаси омбор мудири беш ёшли тарбияланувчини зўрлаганликда гумонланиб қўлга олинган эди.
Ҳозирда, 52 ёшли М. Қ. ва бошқа шахсларга нисбатан қўзғатилган жиноят иши Жиноят ишлари бўйича Норин тумани суди иш юритувига келиб тушди.
Суднинг ажримига асосан, мазкур жиноят иши 18-ноябрь куни кўриб чиқиш учун тайинланган бўлиб, жабрланувчи вояга етмаганлиги сабабли иш Жиноят-процессуал кодексининг 19-моддасида назарда тутилган тартибда ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилади.
Мазкур иш бўйича қўшимча маълумот суд жараёни якунланганидан сўнг қонунчиликда белгиланган тартибда тақдим қилиниши таъкидланди.





