Қирғизистон чегарачилари Ўзбекистондан ноқонуний товарлар олиб кирилаётганини аниқлади
Қирғизистоннинг Ала-Бука чегара отряди хизмати 10 февраль куни Ўзбекистондан мамлакат ҳудудига ноқонуний равишда товарлар олиб ўтиш ҳолатини қайд этди.

Келтирилишича, чегарачилар Жалолобод вилоятининг Ақси тумани Босоғо-Тош ҳудудида ўтказган хизмат чоғида Ўзбекистондан Қирғизистонга отда келаётган икки нафар фуқарони аниқлаган. Улар чегарачиларни кўриб, ўзлари билан олиб келаётган юкни Қирғизистон ҳудудидаги чегара чизиғидан 100 метр узоқликда қолдириб, Ўзбекистон ҳудудида яширинган. Чегарачилар юкни кўздан кечириш чоғида 800 блок «Milano» маркали сигаретни топган.

Дастлабки маълумотларга кўра, контрабанда сигаретлари нархи 800 минг сомни ташкил қилган. Тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилгач, юк кейинги текширув учун ваколатли органлар ходимларига топширилган.





