Россия—Қозоғистон чегарасида тўпланган 1850 нафар фуқаро Ўзбекистонга қайтарилади

Республика махсус комиссиясининг қарори билан, 2020 йилнинг 4—5 август кунлари Тошкент—Бузулук—Тошкент ва Тошкент—Кинел—Тошкент йўналишларида Россиянинг Оренбург ва Самара вилоятларига Ўзбекистон фуқароларини ватанга қайтариш учун иккита поезд юборилгани маълум қилинганди. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ушбу қатновлар жараёни ҳақида ахборот берди.

Таъкидланишича, 6 август куни Оренбург вилоятининг «Бузулук» станциясидан 920 нафар фуқаро билан биринчи поезд Ўзбекистонга жўнаб кетган. Иккинчиси 7 август куни Самара вилоятининг «Кинел» станциясидан 930 нафар ўзбекистонлик билан жўнайди. Россия—Қозоғистон чегарасида тўпланган жами 1850 нафар Ўзбекистон фуқароcи ватанга қайтарилади, дейилади хабарда.

Ҳозирда Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги бош консули ташкилий ва бошқа масалаларни ҳал қилиш учун фуқаролар тўпланган жойда бўлиб турибди. Оренбург ва Самара вилоятларида 7 август ҳолатига кўра, Россия—Қозоғистон давлатлараро чегараси яқинида Ўзбекистон фуқароларининг тўпланиши кузатилмаган.

Ватанга қайтарилган фуқаролар Республика махсус комиссияси томонидан белгиланган талабларга қатъий риоя қилган ҳолда карантинда бўлади. Ҳозирда Республика махсус комиссияси томонидан Ўзбекистон фуқароларини тезроқ қайтариш учун Россиядан рейсларни кўпайтириш, қатновлар йўналиши ва турларини кенгайтириш масаласи кўриб чиқилмоқда, дейилади хабарда.

Аввалроқ Россиядан чартер рейс орқали олиб келинган 501 нафар ўзбекистонлик Самарқанддаги карантин марказига жойлаштирилгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар