Самарқандда 12 нафар қизни фоҳишалик қилишга мажбурлаган аёл қамоққа олинди

Самарқанд шаҳрида 12 нафар қизни фоҳишалик қилишга мажбурлаган 44 ёшли аёл қамоққа олинди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Самарқандда 2018 йилнинг август ойидан 2020 йилнинг октябрь ойига қадар бўлган вақт оралиғида 44 ёшли О.К., Самарқанд шаҳрида жойлашган уйларнинг бирида 12 нафар қизга ижарага бошпана беришни ваъда қилиб, уларни фуқаролик паспортларини ғайриқонуний равишда олиб қўйган.

Фуқаро О.К. қизларни тунги вақтда Самарқанд шаҳар Рудакий кўчаси ва бошқа жойларида фоҳишалик билан шуғулланишларига мажбурлаб, уларни зўрлик билан ишлатган.

Қайд этилишича, О.К. қизларнинг ҳар биридан кунлик 200 000 сўмдан 500 000 сўмгача пул топиш мақсадида фойдаланиб, ушбу йўл билан топилган пулларни шахсий эҳтиёжлари учун сарфлаган.

Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳар ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан О.К., га Жиноят кодексининг 135-моддаси (Одам савдоси) 2-қисми «Б» банди билан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, ўтказилган тинтув тергов ҳаракати давомида юқоридаги шахсларнинг фуқаролик паспортлари тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинган.

Ҳозирда О.К., жиноят иши доирасида Жиноят кодексининг 135-моддаси 2-қисми «б» бандлари билан айбланувчи тариқасида қамоққа олинган. Жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари давом этаётгани маълум қилинган.

Аввалроқ Жиззахда аёлларни хорижга фоҳишаликка юбоpган 22 яшар йигит, Тошкент шаҳрида эса спа салонни фоҳишахонага айлантирган эркак қўлга олинганди. Шунингдек, Самарқандлик аёлни Дубайга ошпазликка чақириб, фоҳишаликка мажбурлаган, Наманганда эса  уйида фоҳишахона сақлаган аёл қўлга олинди.

Янгиликлар