Сенат бир қатор вазирликларга китоб ишлаб чиқариш соҳасини қўллаб-қувватлаш бўйича сўров юборди

Китоб ишлаб чиқариш соҳасининг, яъни ноширлар ва босмахоналар учун солиқ имтиёзларининг бекор қилиниши, уларга нисбатан қўшилган қиймат солиғининг қўлланиши аксарият ишлаб чиқарувчиларни расмий фаолият юритишдан четлашиб, ўғринча (контрафакт) маҳсулотлар ишлаб чиқаришга «ундамоқда». Бу ҳақла Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати маълум қилди.


Қайд этилишича, бунинг натижасида «яширин иқтисодиёт» ривожланиб, қонуний фаолият юритаётганларнинг салмоғи камайиб бормоқда, яъни соҳада иқтисодий носоғлом муҳит таркиб топмоқда.

Шунингдек, соҳа вакилларидан келган мурожаатларда китоб ишлаб чиқаришга нисбатан табақалаштирилган қўшилган қиймат солиғи ставкасини қўллаш таклиф этилмоқда.

Жумладан, китоб ишлаб чиқариш саноатига умумийга нисбатан Россияда 50 фоиз, Германияда 36, Францияда 28, Буюк Британияда эса «ноль» фоиз қўшилган қиймат солиғи ставкаси қўлланилиши таъкидланган. Яъни, мазкур давлатларда китоб ишлаб чиқариш соҳаси учун қўшилган қиймат солиғи ставкаси камида икки баробарга пасайтирилган.

Таъкидланишича, Олий Мажлис Сенати Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳамда Давлат солиқ қўмитасига китоб савдоси корхоналарига қўшилган қиймат солиғи бўйича табақалаштирилган ставкаларни қўллаш, шунингдек, соҳани манзилли субсидиялар орқали қўллаб-қувватлаш юзасидан сўров юборилди.

Янгиликлар