«Straus House»дан жабрланганлар сони ва умумий зарар миқдори маълум бўлди

«Straus House» МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан суд жараёни ниҳоясига етгани ҳақида хабар берилган эди. Суд ҳукми билан жамият таъсисчиси ва унинг жиноий шериклари Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан турли муддатларга озодликдан маҳрум қилинди. «Кун.уз» жиноят иши бўйича етказилган зарар, жабрланувчилар сони ва ундирувнинг таъминланишига доир қўшимча маълумотларни тақдим этди.

Фото: «Straus house»

Маълум бўлишича, туяқуш жўжалари билан боғлиқ мазкур жиноят иши доирасида 298 нафар фуқаро жабрланувчи деб топилган ва улар кўрган жами зарар миқдори 6 617 444 500 (олти миллиард олти юз ўн етти миллион тўрт юз қирқ тўрт минг беш юз) сўмни ташкил этган.

Жабр кўрганлар ҳудудлар кесимида қуйидагича кўрсатилган:

Фото: «Кун.уз»

Жиноят иши доирасида хатланган:

  • 265 000 000 сўмга баҳоланган 2018 йилда ишлаб чиқарилган Малибу-2 русумли автомашина;
  • 107 571 961 сўмга баҳоланган 2019 йилда ишлаб чиқарилган «Лаcетти» русумли автомашина;
  • 110 000 000 сўмга баҳоланган 2019 йилда ишлаб чиқарилган «Лаcетти» русумли автомашина;
  • 107 571 961 сўмга баҳоланган 2019 йилда ишлаб чиқарилган «Лаcетти» русумли автомашина;
  • 126 081 298 сўмга баҳоланган 2019 йилда ишлаб чиқарилган «Лаcетти» русумли автомашина;
  • 60 902 497 сўмга баҳоланган 2019 йилда ишлаб чиқарилган «Спарк» русумли автомашиналари.

Ҳукм қонуний кучга кирганидан сўнг жабрланувчиларга нисбатан етказилган зарарлар ўрнини қоплаш учун пропорционал равишда тақсимланади.

Шунингдек, ашёвий далил деб маълум қилинган:

  • 1 дона баҳоси 3 920 000 сўмлик;
  • 1 дона баҳоси 2 807 000 сўмлик;
  • 1 дона баҳоси 3 885 000 сўмлик (жами 3 дона) «МакТайм» русумли эркаклар қўл соатлари;
  • 1 дона нархига аниқлик киритилмаган «МакТайм» русумли эркаклар қўл соати.

Ҳукм қонуний кучга кирганидан сўнг, Мажбурий ижро бюросининг Миробод туман бўлими томонидан баҳолатилиб, жабрланувчиларга нисбатан етказилган моддий зарарни қоплаш учун йўналтирилади.

ИИВ ҳузуридаги Тергов департаментининг банкдаги ҳисоб рақамида сақланаётган ҳамда хатланган Покистоннинг «Chemikals & Marbels Lahore Pakistan» компаниясига туяқуш жўжаларини сотиб олиш мақсадида шартномага асосан кўчирилган 1 854 000 000 (бир миллиард саккиз юз эллик тўрт миллион) сўм миқдоридаги пуллар ҳукм қонуний кучга кирганидан сўнг тегишли тартибда етказилган моддий зарарларни қоплашга пропорционал тартибда қаратилади.

Етказилган зарар И.Исроилов, A.Маҳмудалиев, Д.Қутпиддинов ва О.Саидовдан солидар тартибда ундирилади.

Ҳукм манфаатдор тарафлар томонидан апелляция тартибида шикоят киритилмаса, эълон қилинган кундан бошлаб ўн суткадан сўнг кучга кириши белгиланган.

Маълумот учун, суд «Straus House» МЧЖ таъсисчиси И.Исроиловни 9 йил, МЧЖ директори A.Маҳмудалиевни 7 йил, директор ўринбосари Д.Қутпиддиновни 8 йил 5 ой 26 кун муддатга озодликдан маҳрум этди. МЧЖ бош ҳисобчиси О.Саидовга 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Янгиликлар