Хитой—Қирғизистон—Ўзбекистон темир йўли қурилиши бошланади
Хитой—Қирғизистон—Ўзбекистон темир йўли қурилиши 27 декабрь куни бошланади. Бу ҳақда Қирғизистон президенти Садир Жапаров халқ қурултойида маълум қилди.
Бу йўл Шарқ ва Ғарбни боғлайдиган стратегик кўприк бўлади, таъкидлади Жапаров.
Май ойида Садир Жапаров уч давлат ўртасидаги темир йўл қурилиши 2024 йил октябрь ойида бошланишини айтганди. Лойиҳани амалга ошириш учун мамлакатлар қўшма компания тузишга келишиб олган. Иштирокчиларнинг корхонадаги улуши: Хитой 51 фоиз, Қирғизистон ва Ўзбекистон 24,5 фоиздан.
2024 йил июнь ойида уч давлат вакиллари темир йўл қурилиши тўғрисидаги битимни расман имзолади ва молиялаштириш шартларини белгилади. Лойиҳанинг умумий қиймати 4 миллиард 665 миллион долларга баҳоланмоқда. Темир йўлини қуриш лойиҳасини амалга ошириш учун Жалолобод шаҳридаги 44,29 гектар ер майдони ажратилмоқда.