Эрдўғон 15 кун ичида Сурияга бориши мумкин

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон 15 кун ичида Сурияга ташриф буюриши кутилмоқда. Бу ҳақда манбаларга таяниб, Turkiye Gazetesi хабар берди.

Маълум қилинишича, президент “Ҳайъат Таҳрир аш-Шом” (ҲТШ) раҳбари ал-Жулоний билан учрашишни ва умавийлар масжидида намоз ўқишни режалаштирган. Эрдўғоннинг хавфсизлиги учун Хама, Хомс ва Идлиб линиялари бўйлаб фавқулодда ҳаво ва қуруқлик қалқони яратилади. Бундан ташқари, Туркия радарлари фаоллаштирилади ва барча ҳаво ҳаракатлари назорат остида бўлади.

Туркия ҳукумати мазкур маълумотни ҳозирча тасдиқлагани йўқ. Башар Асад режимининг атиги ўн бир кун ичида кутилмаганда  қулаши Туркияга Яқин Шарқ минтақасининг келажагини шакллантиришда асосий ўйинчи ролини берди. Сўнгги икки ҳафта ичида Анқара Европа комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен ва Суриядаги вазиятни муҳокама қилиш учун келган АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен каби муҳим меҳмонларни қабул қилди.

Туркия Исроилнинг яқинда Сурия жанубига бостириб киришини қоралади. Дамашқдаги янги ҳукумат на Теҳрон, на Тель Авив учун таҳдид бўлишини қайд этди. Анқаранинг Суриядаги муҳим мақсади янги минтақавий тартибни ўрнатишдан иборат.

Жаҳон