Самарқандда ўғил 76 ёшли онасига доимий тазйиқ ўтказиб, нафақа пулларини олиб қўйгани аниқланди

Самарқанд шаҳрида 76 ёшли аёлга ўғли томонидан тазйиқ ўтказилиб, нафақа пуллари олиб қўйилаётгани маълум бўлди.

Таъкидланишича, Facebook ижтимоий тармоғида Самарқанд шаҳри Буюк ипак йўли кўчасида яшовчи Л.Плаксинанинг ўғли томонидан унга тазйиқ ўтказилиб, нафақа пуллари олиб қўйилаётгани, унинг ўзи шифохонада ётгани ва унга ёрдам зарурлиги бўйича жамоатчилик фаоллари томонидан мурожаат йўлланган. Ҳолат шаҳар бўйича ИИО ФМБ ходимлари томонидан атрофлича ўрганиб чиқилган.

Ўрганишлар натижасида ҳақиқатан ҳам Буюк ипак йўли кўчасида истиқомат қилувчи 1946 йилда туғилган фуқаро Л.Плаксинанинг фарзанди — 1980 йилда туғилган Д.П. мунтазам равишда спиртли ичимликлар истеъмол қилиб, онаси билан доимий жанжаллашиб келаётгани маълум бўлган. Келгусида Л.Плаксинага қилиниши мумкин бўлган тазйиқ ва зўравонликларнинг олдини олиш мақсадида унга ҳимоя ордери берилиб, оила профилактика инспекторининг доимий назоратига олинган.

Д.П. билан келгусида бу каби ҳаракатларни содир этмаслиги юзасидан якка тартибдаги профилактик суҳбат ўтказилган. Аёлнинг соғлиғини текшириш мақсадида у тиббий кўрикдан ўтказилган.

Янгиликлар