Андижонда ҳомиладор аёлга электрошокер билан ҳужум қилинди

Андижон вилояти Марҳамат туманида ҳомиладор аёлга электрошокер билан ҳужум қилиб тақинчоқларини олиб қочаётган шахс ушланди. Бу ҳақда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти маълум қилди.

Фото: Тергов департаменти

Хабарга кўра, 2 март куни соат 10:00 ларда номаълум шахс юзига ниқоб тақиб олиб Марҳамат тумани «Турон» МФЙда яшовчи ҳомиладор бўлган 28 ёшли Н.Т.нинг хонадонига ғайриқонуний равишда кириб, Н.Т.дан тақиб олган тилла тақинчоқларини беришини талаб қилиб, унга электрошокер билан ҳужум қилиб тақинчоқларини зўрлик ишлатиб олган ва девор ошиб, уйдан қочиб кетаётган вақтида маҳаллада яшовчи фуқаролар томонидан ушланган.

Маълум бўлишича, текширув ҳаракатлари давомида жиноятни 26 ёшли М.М. содир қилганлиги аниқланиб, тилла-тақинчоқлар ва электрошокер мосламаси ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган.

Фото: Тергов департаменти

Мазкур ҳолат юзасидан туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан М.М.га нисбатан Жиноят кодексининг 164-моддаси 3-қисми «в» банди (босқинчилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, гумон қилинувчи тариқасида жалб қилинган.

Ҳозирда тергов давом этмоқда.

Таъкидланишича, Жиноят кодексининг нормаларига кўра, жиноятни содир этган шахс 10 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Янгиликлар