Туркманистонда кузовида қора рангли элементлари бор машиналарга тақиқ қўйилди

Туркманистонда 24 ноябрдан бошлаб кузовида қора детали мавжуд оқ рангли автомашиналар Ашхобод йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари текширувидан ўтолмаяпти. Бу ҳақда «Turkmen news»га таяниб, «Хроника Туркменистана» хабар берди.

Фото: «turkmen.news»

Таъкидланишича, бу турдаги машиналар эгаларидан радиатор панжараларини, бамперларини ва бошқа қисмларини оқ рангга бўяш талаб этилган. Ушбу қисмлар ишлаб чиқарувчилар томонидан ўрнатилиб, қайта бўяш мумкин бўлмаса-да, машина техник кўрикдан ўта олмаган ҳисобланади.

Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, бундай буйруқни президент Гурбангули Бердимуҳамедов берган ва мамлакат ички ишлар вазири Мамметхан Чакевни буни назорат қилишга масъул этиб тайинлаган.

Фото: «orient»

Маълумот учун, 2018 йил январидан бошлаб Ашхобод йўлларида рангли машиналар тақиқланганди. Ушбу чеклов оғзакилигича қолган ва қонуний расмийлаштирилмаган эди. Тахминларга кўра, тақиқ ташаббускори президент Гурбангули Бердимуҳамедов бўлиши мумкин. Бунга сабаб шуки, оқ ранг унинг севимли ранги ҳисобланади.

Янгиликлар