Олий Мажлис Сенати таълим муассасалари битирувчиларидан уч томонлама шартнома талаб этилиши масаласини назоратга олади
Битирувчилардан уч томонлама шартнома талаб этилиши билан боғлиқ ҳолат назоратга олинди деб хабар бермоқда Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.
Маълум бўлишича, коллеж, лицей ва олий таълим муассасалари битирувчиларидан бирор ташкилот, корхонадан уч томонлама шартнома тасдиқлатиб келиши талаб этилаётгани билан боғлиқ ҳолатлар учраётгани ижтимоий тармоқларда жамоатчилик томонидан кенг муҳокама қилинмоқда.
Хусусан, битирувчиларни иш билан таъминлашда ана шундай кўзбўямачиликка йўл қўйилаётгани, уч томонлама шартнома хўжакўрсинга тузилганини уч томон ҳам билиши, бу сохта «анъана» бутун бир мамлакат ривожи учун салбий таъсир қилиши таъкидланган.
Қайд этилишича, Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси томонидан назоратга олиниб, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига асослантирилган ҳолда тушунтириш бериш талаби билан сўров юборилди.
Аввалроқ, Сенат бир қатор вазирликларга китоб ишлаб чиқариш соҳасини қўллаб-қувватлаш бўйича сўров юборди деб хабар қилган эдик.