Хорижий теле-кино гуруҳлари Янги Ўзбекистон ҳақида фильмлар суратга олади

Бир қатор хорижий кинокомпаниялар ва телеканаллар «Ўзбеккино» Миллий агентлиги ҳамда Электрон оммавий ахборот воситалари Миллий ассоциацияси билан ҳамкорликда Ўзбекистон ҳақида ҳужжатли фильмлар ва кўрсатувларни тасвирга олади.

Россия кинокомпаниялари ва телеканалларининг ижодий гуруҳлари Ўзбекистонга Наврўз байрами билан боғлиқ гўзал ва ўзига хос маросимларни суратга олиш, шунингдек, «Янги Ўзбекистон» ҳақида ҳужжатли фильмлар тайёрлаш учун етиб келган. Шу кунларда суратга олиш ишлари Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида олиб борилмоқда.

«Россия-1» телеканалининг суратга олиш гуруҳи локациялар ва спикерларни излаб Тошкент, Самарқанд ва Бухорога ташриф буюришди. «Ёрқин, қуёшли ва ниҳоятда самимий Ўзбекистон илк сонияларданоқ юракларни забт этди. Бизни ҳар бир шаҳар ва қишлоқда энг азиз меҳмонлар каби кутиб олишмоқда. Чин қалбдан, чин юракдан! Тўғри тушунинг, мен буни бошқа таърифлашнинг иложини тополмадим. Бундай муомала бу ерда эътиқод шакли, турмуш тарзидан келиб чиқади. Биз Ўзбекистонни айнан шундай – очиқкўнгил, меҳмондўст ва янгиланган, аммо кўп асрлик анъаналарига содиқ қолган юрт сифатида кўрсатишга ҳаракат қиламиз», – дейди «Россия-1» телеканали мухбири Ольга Армякова. Сюжетлар «Россия-1» телеканали эфирида куни кеча Дмитрий Киселёвнинг «Вести недели» дастури орқали намойиш этилди (https://www.youtube.com/watch?v=a-7eHKqZuXs).

Шу ўринда таъкидлаб ўтиш жоизки, россиялик ҳамкорлар билан лойиҳаларимиз Бутунжаҳон жамиятининг IV халқаро Конгрессида «Ўзбеккино» Миллий агентлиги ва Россия киноижодкорлари ўртасида тузилган шартномалар ва меморандумларга мувофиқ амалга оширилмоқда. Шунингдек, Россиядан ташқари биз Euronews, BBC, CNBC ва бошқа компаниялар билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйдик. Ҳозирги кунда агентлик яна бир қатор етакчи хорижий телеканаллар ва кинокомпаниялар билан ҳам қўшма лойиҳаларни имзолаш босқичида турибди”, — дейди «Ўзбеккино» МА Бош директори Фирдавс Абдухолиқов.

«Мастерская» кинокомпаниясининг суратга олиш гуруҳи Наврўз байрами ҳақида фильм суратга олиш учун тўғри Бойсунга йўл олди. Бу кино гуруҳи раҳбари Саида Медведеванинг Ўзбекистон ҳақидаги биринчи фильми эмас. Бундан бир неча йил «Россия-2» телеканалида унинг «Ўзбекистон – қумликлар жавоҳири» (https://www.youtube.com/watch?v=CFytTLDcBSQ), «Қорақалпоғистон – вақт қумлари оралаб» (https://www.youtube.com/watch?v=J0bR1gWmg0c) ва бошқа фильмлари муваффақиятли намойиш этилган, мазкур фильмлар ЭОАВМА билан ҳамкорликда ишланган. Ўшанда суратга олиш гуруҳи ижодкорлари миллий шойи матосининг сирларини, кўҳна Самарқанд қоғозининг пишиқлигини, миллий таомимиз паловнинг бетакрор таъмини ва ўзбек нонларининг хушбўйлигини кашф этишган эди. Бугун эса «Ўзбекистон. Янгиланаётган тарих» номли янги фильм суратга олинмоқда. Фильм Республикамиз Мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланади.

«Ҳаммамизга маълумки, Ўзбекистоннинг тарихи жуда бой ва мураккаб даврларни ўзи ичига олади, шунинг учун бу давлатнинг ҳозир нимага интилаётгани, мамлакатда қандай иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотлар амалга оширилаётгани биз учун жуда қизиқарли», – дейди Саида Медведева.

«Диви» кинокомпанияси «Россия-Культура» телеканали учун «Асрлар қаъридан келган мактублар», «Дастурхон тафти ва саховати», «Қуёшли маданиятлар туташуви», «Қуёшга остидаги замин» номлари остида Ўзбекистоннинг анъаналари, маданияти ва тарихи ҳақида тўртта ҳужжатли фильмни суратга олиш учун учиб келди. «Ўзбекистон чиндан ҳам диққатга сазовор жойми ёки йўқми, деб муҳокама қилиш, бу-ортиқча гап. Чунки, бу заминда ғаройиб тарихий-маданий ландшафтлар, меъморчиликнинг юксак намуналари жойлашган. Бу ажойиб минтақадаги нур ва қуёшнинг жилвакор ўйинларини тасвирга олиш эса ҳар қандай кинематографнинг орзусидир», — дейди «Ўзбекистон, Севги афсоналари» фильми (www.youtube.com/watch?v=CHW0-pyBnSg) ва «Ўзбекистон. Эришилган очиқлик» (www.youtube.com/watch?v=W93SszhDUyE) билан танилган режиссёр Елена Кожевникова.

Ва ниҳоят, режиссёр Никитa Снегов ва тасвирчи Никита Розовлардан иборат, «ДокуМенталист» кинокомпаниясининг суратга олиш гуруҳи, Валдис Пельш продюссерлик қилаётган «Ўзбекистон. Ўтмиш. Бугун. Келажак» номли ҳужжатли фильм устида иш бошлайди. «Биз инсоният томонидан амалга оширилган кашфиётлари ҳаётда, меъморчиликда, тиббиётда ва ҳаётнинг бошқа барча соҳаларида ғаройиб, жуда гўзал ўзгаришларга олиб келадиган, Ўзбекистоннинг 30-40 йил кейинги келажагига назар солишга ҳаракат қиламиз», — дейди Валдис Пельш.

Россия кинокомпаниялари билан ҳамкорликда яратилган фильмларни қуйидаги ҳаволада кўринг ва баҳо беринг:

«Ўзбекистон, Севги афсоналари» (www.youtube.com/watch?v=CHW0-pyBnSg)

«Ўзбекистон – қумликлар жавоҳири»(www.youtube.com/watch?v=CFytTLDcBSQ)

«Қорақалпоғистон – вақт қумлари оралаб» (www.youtube.com/watch?v=J0bR1gWmg0c)

«Ўзбекистон. Эришилган очиқлик» (www.youtube.com/watch?v=W93SszhDUyE)

 

Янгиликлар