АҚШда одам юз териси ва икки қўлини алмаштириш бўйича жарроҳлик операцияси қандай ўтганлиги маълум қилинди

АҚШда жарроҳлар тарихда биринчи марта бир вақтда одам юз териси ва икки қўлини трансплантация қилиш амалиётини муваффақиятли ўтказишди. Бу ҳақда Associated Press’га таянган ҳолда ЎзА хабар берди.

Фото: ЎзА

Хабар берилишича, 2019 йилда шифокорлар вафот этган донорнинг қўллари ва юзини АҚШ фуқароси Жо Димеога ўрнатишга қарор қилишди. 23 соат давом этган операция натижасида мижозга бошнинг соч қисми тугаган жойидан айланасидан то бўйингача бўлган бутун терини, бурун суякларини, пастки жағни алмаштиришди.

Маълумотларга кўра, 2018 йил Нью-Жерсида истиқомат қилувчи Жо Димео тунги навбатчиликдан уйига қайтаётганда машинасини бошқараётиб, кўзи илинган. Оқибатда унинг автомобили темир тўсиққа урилган ва ағдарилиб, ёниб кетган. Жабрланувчи танасининг 80 фоизи куйган.

Автоҳалокатдан сўнг Димео 4 ой касалхонада ётган ва 20 та жарроҳлик амалиётини бошидан кечирган. Қўл бармоқларидан жудо бўлиб, юзи ва бўйнида ҳаракатга, бурилишга халақит берадиган чандиқлар қолган.

Таъкидланишича, трансплантация амалиётидан ярим йил ўтиб Димео яна имо-ишора қилиш, қошларини қимирлатиш, ажинларини ўйнатиш, шунингдек, мустақил кийиниш, ити билан ҳазиллашиш, ҳатто гольф билан шуғулланиш бахтига муяссар бўлди. Фақат энди у тўқималар тортилиши ва профилактика мақсадида бир умр иммунодепрессант воситаларини қабул қилишга мажбур.

Янгиликлар