Ўзбекистон қонунчилигига «йўл безорилиги» деган янги жавобгарлик тури киритилади

Ўзбекистон қонунчилигига «йўл безорилиги» деган янги жавобгарлик тури киритилади.

Бу ўзгариш Шавкат Мирзиёев раислигида «Хавфсиз ва равон йўл» тамойили асосида йўлларда инсон хавфсизлигини таъминлаш борасидаги ишларни янги босқичга олиб чиқиш бўйича ўтказилган видеоселектор билан боғлиқ.

Маълумотларга кўра, автоавариялар ҳайдовчилар томонидан йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларни менсимаслик, йўл ҳолати ва инфратузилмаси талабга жавоб бермаслиги ҳамда пиёдаларнинг қоидаларга амал қилмаслиги оқибатида содир бўлмоқда. Биринчи ҳолатнинг умумий кўрсаткичи 45 фоизни, иккинчи ҳолатнинг кўрсаткичи 25 фоизни, учинчи ҳолатнинг кўрсаткичи 20 фоизи ташкил этяпти.

Видеоселекторда бундан буён ҳар бир ҳуқуқбузарлик учун жарима баллари тизими жорий этилиши маълум қилинган. Ҳуқуқбузарлик учун жарима баллари тизими жорий этиладиган бўлса, унда ҳайдовчи тезликни оширса, 1 балл, қизил чироқдан ўтса, 3 балл белгиланади. Агар бир йилда қоидабузарликлар жами 12 баллдан ошса, ҳайдовчи автомобиль бошқариш ҳуқуқидан маҳрум бўлади.

Шунингдек, автомобилни тартибсиз бошқариб, бошқа ҳайдовчиларга халақит қилгани учун қонунчиликка алоҳида «йўл безорилиги» деган янги жавобгарлик тури киритилади. Ҳайдовчиларнинг жавобгарлигини мажбурий суғурта қилишда тўланадиган суғурта бадалини жарима балларидан келиб чиқиб белгилаш тартиби жорий этилади. Пойтахт ва йирик шаҳарлардаги марказий кўчаларда тезлик чекловлари белгиланади.

Янгиликлар