Қозоғистонда террорист ва педофиллар мамлакат ҳудудига киришини тақиқлашмоқчи
Қозоғистон депутатлари педофиллар ва террористлар мамлакат ҳудудига киришини тақиқловчи қонун лойиҳасини тасдиқлади. Бу ҳақда Nur.kz хабар берди.
Депутат Магеррам Магеррамов ҳужжатнинг асосий бандларини санаб ўтди:
• миграция соҳасида қонунчиликка амал қилиш бўйича давлат назоратини амалга ошириш тартибини белгилаш;
• вояга етмаганларнинг жинсий даҳлсизлигига қарши жинояти учун судланган хорижликларнинг мамлакатга кириши ва мамлакат фуқаролигини олишини чеклаш;
• экстремистик ва террористик фаолиятга алоқадор хорижликларнинг мамлакатга киришини тақиқлаш;
• фавқулотда вазиятларда муддати ўтган ҳужжатлардан фойдаланиш масаласини тартибга солиш.
«Юқорида санаб ўтилган ислоҳотларни амалга ошириш қонунчиликда мавжуд муаммоларни бартараф этади, самаралироқ миграцион назоратни таъминлайди ва аҳолини ҳужжатлаштириш муолажаларини яхшилайди», – қайд этиб ўтди Магеррамов.