Самарқандда 2,2 млрд сўм имтиёзли кредит маблағларини ўзлаштирган МЧЖ раҳбари аниқланди
Самарқанд вилояти Ургут туманида кредит маблағларини ўзлаштирган МЧЖ раҳбари аниқланди.
Маълум қилинишича, департаментнинг Ургут туман бўлими томонидан терговга қадар текширув ўтказилган. Текширувда “З.Б.” МЧЖ раҳбари Р.Э. аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида банк муассасасидан ажратилган 2,2 миллиард сўм имтиёзли кредит эвазига картошка маҳсулотини импорт қилмасдан ушбу маблағларни ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилгани ҳамда 497,9 миллион сўм солиқларни тўлашдан бўйин товлагани аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 184-моддаси (солиқлар ёки йиғимларни тўлашдан бўйин товлаш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.