«Ғазо секторида бўлаётган ишлар — уруш эмас, бу геноцид»: Бразилия президенти Исроил билан муносабатларини узишга қарор қилди
Бразилия Исроилдаги элчисини чақириб олди. Бунга сабаб Исроил Бразилия президентининг сўнгги нутқидан сўнг уни нон-грата шахс дея эълон қилгани бўлди, хабар берди РБК.
Бразилия президенти Луис Инасио Лула да Сильва Африка иттифоқи саммитида журналистларга берган интервьюсида Исроилнинг Ғазодаги ҳаракатларини «геноцид» дея атади ва буни Адольф Гитлер яҳудийлар устидан ўтказган қотилликлар билан қиёслади.
«Ғазо секторида бўлаётган ишлар бу — уруш эмас, бу — геноцид. Бу бир аскарнинг бошқаларга қарши уруши эмас, бу — яхши тайёргарлик кўрган армиянинг аёллар ва болаларга қарши уруши. Аслида, бунақаси аввал ҳам бўлган: Гитлер яҳудийларни қиришга қарор қилганида», – деди у ўз чиқишида.
Исроил ташқи ишлар вазири Исраэль Кац президент ўз сўзлари учун мамлакат олдида кечирим сўрамагунича, нон-грата шахс ҳисобланишини ва Бразилия «қизил чизиқдан ўтгани»ни таъкидлади.
Бунга жавобан Бразилия президенти мамлакатнинг Исроилдаги элчиси Фредерико Майерни чақириб олди.